Ўзбекистонга ароқ олиб киришни ғайриоддий йўлини топганлар ушланди
3-саҳифа
−
24 Март 2023
23720Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида 48 дона пластик идишда, жами 72 литр ароқни ноқонуний тарзда мамлакатга олиб кирилгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ички Ишлар вазирлиги ва темир йўл идоралари вакиллари билан ҳамкорликда Тўрткўл туманида тезкор тадбир ўтказилган. Унда мамлакат ҳудудида транзит тарзида ҳаракатланаётган “Хўжанд-Волгоград” йўналишидаги поезд йўловчиларидан бири ёнидаги 48 дона пластик идишда, жами 72 литр ароқни вагондан ташқарига улоқтириб юборгани фош қилинган.
Режага кўра, ароқ Волгоградга етиб бориш учун мўлжалланмаган, аксинча, мўмай даромад эвазига Ўзбекистон ҳудудида тушириб қолдирилиши ва шериклар ароқларни улоқтирилган жойдан олиб кетиши кўзланган.
Шунингдек, тезкор кузатувга олинган ушбу йўловчи поезди “Раушан” ва “Кунхўжа” темир йўл бекатлари оралиғида кимсасиз чўл бўйлаб ҳаракатланаётганда поезд кузатувчилари томонидан кутилмаганда фавқулодда тўхташ тугмаси орқали тўсатдан тўхтатилган. Аслида ҳеч қандай фавқулодда ҳолат содир бўлмаган. Атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилган вагон кузатувчиларидан бири 150 дона пластмасса идишдаги 225 литр ҳажмдаги ароқларни республика ҳудудига тушириб қолдириш учун поездни атайлаб тўхтатган. Ушбу шахс ароқларни вагондан тушираётганда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган.
“Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона постида аниқланган ҳолатда эса, йўловчилардан бири йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ҳар бири 1 литрлик 40 шиша вискини ўриндиқ остига, шунингдек, кўрпа ва ёстиқ жилдлари ичига яширгани аниқланган.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан 2022 йилда ва 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган жами 70 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 1млрд 164 миллион сўмлик спирт ва алкоголли ичимликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва яширин айланмасига чек қўйилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь