Ўзбекистонда “йўл безорилиги” учун жавобгарлик белгиланади – Бобожонов
Жамият
−
21 Февраль 2022
9764Ўзбекистонда “йўл безорилиги”, яъни транспорт воситасини қасддан тартибсиз бошқариш, йўл-патруль хизмати ходимларига қаршилик кўрсатиш каби ҳолатлар учун жавобгарлик белгиланади. Бу ҳақда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов маълум қилди.
Вазирга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ қонунчилик такомиллаштирилади.
Хусусан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини берганлик учун ҳам жазо чоралари кўзда тутилади.
Сир эмаски, кейинги пайтларда йўл-патруль хизмати ходимларининг хизмат фаолиятига ноқонуний аралашиш, тўсқинлик қилиш, қаршилик кўрсатиш ҳолатлари кузатилаётган эди.
Шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг хизмат фаолиятига ноқонуний аралашиш, тўсқинлик қилиш, қаршилик кўрсатиш ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрилади. Соҳа вакилларининг шахсий ҳимоя ва фаол мудофаа воситаларидан фойдаланиши борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилади.
Ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади. Агар ҳайдовчи томонидан 12 ой давомида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланган жарима балларининг умумий миқдори 12 баллдан ошса, у транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчиларга эса бонус баллари ҳисоблаб борилади.
“Олдимизда турган яна бир долзарб вазифа – халқаро стандартлардан келиб чиқиб, Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳририни ишлаб чиқишдан иборат. Унда, жумладан, Тошкент шаҳри ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда транспорт воситалари ҳаракатланишининг тезлик чекловлари қайта кўриб чиқилади”, деган вазир.
Бундан ташқари, автомобиль йўлларида транспорт ҳаракатини ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилиш фаолияти рақамлаштирилади. Замонавий ўқув хоналари, назарий ва амалий ўқув инвентарлари ҳамда тўлақонли ўқув-машқ базасига эга бўлган автомактаб ва имтиҳон марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Вилоят марказларидаги, кейинчалик бошқа шаҳар (туман) марказларидаги серқатнов чорраҳалар рақамли бошқарувга ўтказилади.
Соҳа ходимларининг фаолиятига сунъий интеллектга асосланган “инсон омили” таъсирини чекловчи рақамли технологияларнинг жорий этилиши ходимлар томонидан фуқаролар билан манфаатли мулоқотга киришиш ҳолатларига барҳам беради.
LiveБарчаси