Ўзбекистонда йил бошидан бери 155 қиз эрта турмушга берилди (видео)

Жамият

image
Ўзбекистонда эрта никоҳ 7 бараварга ошди. Бунинг чорак қисми севги-муҳаббат билан изоҳланмоқда (видео) north_east

Ўзбекистонда эрта никоҳ 7 бараварга ошди. Бунинг чорак қисми севги-муҳаббат билан изоҳланмоқда (видео)

2025 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистонда 15-17 ёшдаги 155 нафар қиз эрта турмушга берилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров 14 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишидан сўнг “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Президентимиз ёшлар ўртасида, айниқса, қизларни эрта турмушга бериш масалалари бўйича танқидий фикр билдирди. Статистикага қарайдиган бўлсак, жорий йилнинг мана шу даврига келиб, 155 та ҳолатда мамлакатимизда 15-17 ёшли қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари аниқланган”, деди вазир.

Унинг айтишича, замонавий тиббиёт эрта турмуш қуриш ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлардан кўплаб ногирон фарзандлар туғилиш эҳтимолини исботлаган.

Шунингдек, вазир Президент бошчилигида ўтказилган селекторда хотин-қизларнинг интервалга риоя қилмаган ҳолатда, бир календар йилида икки марта ҳомиладор бўлиш ҳолатлари, нимжон, саломатлигига путур етган фарзандларнинг дунёга келиш ҳолатлари ҳам эслаб ўтилганини айтди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг маълум қилишича, шу каби ҳолатлар бўйича аҳоли орасида кенг қамровли ва таъсирчан тарғибот усуллари ўтказилади. Агар мана шундай ҳолатлар такрорланадиган бўлса, буни маҳалла даражасида муҳокама қилиб, бартараф этиш чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу селекторда йил бошидан 32 мингга яқин оила ажрашиб кетгани, 16 минг ота-она алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётгани, оиласи ва болаларини кредит қарзлари билан ташлаб кетиш ҳолатлари учраётгани, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг салбий оқибатлари барчани – ҳокимлар, “маҳалла еттилиги”, нуронийлар, бутун жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солиши кераклиги қайд этилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

эрта турмуш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг