Ўзбекистонда ёзги электр истеъмоли илк бор қишки рекордни ортда қолдирди
Жамият
−
15 июл 2433 2 дақиқа
Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли бўйича янги рекорд қайд этилди. Кеча, 14 июль куни мамлакат ягона энергетика тизимида суткалик электр истеъмоли 284 миллион киловатт-соатга етиб, нафақат ёзги, балки қишки энг юқори кўрсаткични ҳам ортда қолдирди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, янги кўрсаткич жорий йилнинг 13 июль куни қайд этилган ёзги рекорд – 278,6 миллион киловатт-соатдан 5,4 миллион киловатт-соатга, жорий йилнинг 24 январида қайд этилган қишки максимал истеъмол – 283 миллион киловатт-соатдан эса 1 миллион киловатт-соатга юқори бўлган.
Шунингдек, кеча, 14 июль куни суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам рекорд даражага чиқиб, 287,3 миллион киловатт-соатни ташкил этган. Бу қишки максимал ишлаб чиқариш ҳажмидан 9,7 миллион киловатт-соатга кўп.
Маълум қилинишича, юқори истеъмол даврида электр таъминоти барқарорлигини сақлаш мақсадида авария-таъмирлаш бригадалари кучайтирилган тартибда ишламоқда. Жумладан, кеча Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Сергели ва Олмазор туманларида юзага келган носозликлар тезкор бартараф этилган. Қашқадарё вилоятининг Қарши, Косон, Кўкдала, Қамаши, Ғузор, Китоб ва Чироқчи туманларида кучли шамол сабаб узилган айрим электр тармоқлари ҳам босқичма-босқич қайта тикланган.
Вазирликнинг билдиришича, ҳудудларда электр станциялари, подстанциялар, трансформатор пунктлари ва электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш ишлари давом этмоқда. Шу билан бирга, юқори юклама вақтида айрим ҳудудларда техник носозликлар туфайли электр таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилиши мумкинлиги қайд этилган.
Шу муносабат билан истеъмолчилардан электр энергиясидан оқилона фойдаланиш, хусусан, кондиционерларни 24–26 даража ҳароратда ишлатиш ва уларнинг фильтрларини мунтазам тозалаб туриш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда кузатилаётган иссиқ об-ҳаво муносабати билан иш берувчиларга очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ходимлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбурий чоралар эълон қилинган эди.
Live
Барчаси