Жазирама сабаб ишхоналарда ишни чеклаш керак – Меҳнат инспекцияси
Local
−
15 July 3439 2 minutes
Ўзбекистонда кузатилаётган иссиқ об-ҳаво муносабати билан иш берувчиларга очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ходимлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбурий чоралар эълон қилинди. Бу ҳақда Меҳнат инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, иссиқ ҳаво шароитида очиқ майдонларда ишлаётган ходимларда иссиқ уриши, сувсизланиш, ҳужайралар шикастланиши ҳамда юрак-қон томир касалликлари хавфи ортади.
Шу боис иш берувчилар:
- иш вақтини жазирама шароитига мослаштириб, соат 11:00–16:00 оралиғида ташқи ишларни қисқартириши ёки тўхтатиши;
- энг иссиқ вақтларда оғир жисмоний меҳнатни чеклаши;
- ходимларни етарли миқдорда ичимлик суви билан таъминлаши;
- тиббий кўрикдан ўтмаган ходимларни ишга қўймаслиги;
- салқин дам олиш жойларини ташкил этиши;
- ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаши;
- иссиқ уриши ва сувсизланишнинг олдини олиш бўйича ўқитиш ҳамда йўриқнома ўтказиши;
- соғлиғи ёмонлашган ходимларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатиши ва зарурат бўлса тиббий ёрдам чақириши лозим.
Шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш тавсия эмас, балки иш берувчининг қонуний мажбурияти экани таъкидланган. Қайд этилишича, жазирама шароитида зарур чораларни кўрмаслик ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши, иш жойида бахтсиз ҳодисалар ва оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида аномал иссиқ об-ҳаво сабаб кўчаларга сув сепиш ва яшил ҳудудларни суғориш ишлари кучайтирилганди. Шунингдек, Тошкент метросининг ерусти йўналишларида поездлар ҳаракат тезлиги вақтинча пасайтирилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
All