Август ойида ўзбекистонликларни қандай об-ҳаво кутяпти?

Бу қизиқ

image

Ўзбекистонда август ойи қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво билан бошланади. Ойнинг илк кунларида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 43 даражагача кўтарилиши, кейинчалик эса 3–5 даражага пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет эълон қилган об-ҳаво прогнози маълумотида келтирилган.

Унга кўра, август ойида ҳарорат фони аста-секин пасая бошлайди. Ўзбекистон ҳудуди бўйича август ойининг ўртача ойлик ҳарорати июль ойига нисбатан 1,5-2,5 даражага паст бўлади.

Жорий йилнинг 1-2 август кунлари ҳаво ҳарорати 38-41 даражага, жанубда ва чўл ҳудудларида 42-43 даражага етади. Кейинчалик ҳарорат фони 3-5 даражага пасаяди ва ҳаво ҳарорати асосан 33-38 даража атрофида, баъзи жойларда 40 даражагача бўлиши кутилмоқда.

Ойнинг охирига келиб, Ўзбекистон ҳудудига салқин ҳаво кириши ва ҳарорат аста-секин 25-30 даражагача пасайиши эҳтимоли бор.

Август ойининг биринчи ярмида ҳарорат асосан кечалари 24-27 даража, иккинчи ярмида 17-22 даража, ойнинг охирида 12-15 даражагача пасаяди.

Йилнинг кўп ойлари сингари, август ойи ҳам нисбатан иқлим ўзгариши таъсири остида бўлади.

Республика ҳудудининг катта қисмида ўртача максимал ҳарорат +35…+37 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларида +38…+40 даражани ташкил этади.

Иссиқ об-ҳавонинг энг юқори чўққисида деярли ҳар йили +38…+39 даражага, жанубда ва чўл ҳудудларида эса баъзи жойларда +41…+43 даражага етади.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда август ойининг ҳарорат тартибига глобал исиш сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда. Йиллараро кучли ўзгарувчанлик фонида ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати кўтарилиш тенденцияси кузатилмоқда.

Август июль ойидагидек жазирама бўлмаса-да, барибир анчагина иссиқ ой ҳисобланади. Ёзги иссиқнинг пасайиши 40 даража ва ундан юқори ҳарорат кузатиладиган кунлар сонининг сезиларли камайиши билан намоён бўлади.

Ўртача ҳисобда бу кўрсаткич ҳудудларнинг катта қисмида 1-3 кунни, энг чекка жанубда ва чўл ҳудудларида эса 4 кундан 8 кунгача бўлган муддатни ташкил этади. Самарқанд вилояти ва Фарғона водийсида эса бундай иссиқ кунлар жуда камдан-кам ҳолларда — 5-10 йилда бир марта кузатилади.

Прогноза кўра, август ойининг охирига келиб, одатда, кузнинг яқинлашаётгани сезила бошлайди. Нисбатан салқин ҳаво оқимларининг кириб келиши кўпаяди.

Айрим йилларда август ойида салқин ҳавонинг кириб келиши ҳисобига Ўзбекистон ҳудуди бўйича кундузги ҳарорат 22-27 даражагача пасайган.

Август Ўзбекистонда йилнинг энг қуруқ ойи ҳисобланади. Ёмғирлар жуда кам ёғади – текислик ҳудудларнинг катта қисмида ўртача 1 кундан 3 кунгача бироз ёмғир ёғиши кузатилиши мумкин, ўртача ойлик ёғингарчилик миқдори эса 1-2 мм дан, Фарғона водийсида эса 3-5 мм дан кўп бўлмайди. Жанубда ва чўл ҳудудларида август ойида ёмғир ҳар йили ҳам кузатилмайди.

Марказ кутилмасига кўра, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир тез-тез ёғади ва ўртача ойлик ёғингарчилик миқдори айрим жойларда 12-15 мм ни, Фарғона вилояти тоғларида ҳамда Тошкент вилоятининг юқори тоғли ҳудудларида эса 20-22 мм ни ташкил этади.

Маълумот учун, энг эсда қоладиган рекордлар Сариосиё метеостанцияси (Сурхондарё вилояти тоғ олди) ҳудудида кузатилган бўлиб, бунда ойлик меъёр 0,4 мм бўлганда 3 соат 10 дақиқада 35 мм ва Қўқон метеостанцияси ҳудудида ойлик меъёр 5 мм бўлганда 20 дақиқада 35 мм ёмғир ёққан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 28 июль куни Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 42 даражагача кўтарилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг