Тошкент метросида поездлар 14 дақиқагача кечикиши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво сабаб Тошкент метросининг ерусти йўналишларида поездлар ҳаракат тезлиги вақтинча пасайтирилади. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” хабар берди.

Қайд этилишича, эртага, 15 июлдан бошлаб ерусти йўналишларидаги темир йўл релслари ҳарорати белгиланган меъёр – 55 даражадан юқорига кўтарилаётгани инобатга олиниб, поездлар ҳаракат тезлиги ҳар куни соат 18:00 га қадар 60 км/соатдан 40 км/соатгача чекланади.

Билдирилишича, мазкур вақтинчалик чеклов поездлар ҳаракат интервалига ҳам қисман таъсир кўрсатади. Шу сабаб ерусти йўналишларида метро поездларининг келиш вақти 14 дақиқагача узайиши мумкин.

“Тошкент метрополитени” ушбу чеклов фақат ерусти метро йўналишларида ҳаракатланаётган поездларга татбиқ этилишини, ер ости йўналишларида эса ҳаракат одатдаги тартибда давом этишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида аномал иссиқ об-ҳаво сабаб кўчаларга сув сепиш ва яшил ҳудудларни суғориш ишлари кучайтирилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг