Ўзбекистонда ягона транспорт платформаси жорий этилиши мумкин
Жамият
−
10:54 534 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2028 йил 1 январдан темир йўл, ҳаво, автобус ва шаҳар жамоат транспорти қатновларини бирлаштирувчи “Бир йўл” ягона миллий рақамли транспорт платформасини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси сўз боради.
Лойиҳага кўра, платформа орқали йўловчилар турли транспорт йўналишлари, ҳаракат жадваллари, чипта нархлари ва бўш ўринлар ҳақида маълумот олиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, сафарни “эшикдан эшиккача” тамойили асосида режалаштириш, ягона буюртма ва тўлов орқали электрон чипталар ҳамда трансфер хизматларини расмийлаштириш имкониятини яратиш кўзда тутилган.
Ягона чипта тизимини жорий этиш бўйича дастлабки синов лойиҳасини 2027 йил 1 июлдан амалга ошириш режалаштирилмоқда. Хусусан, Тошкент аэропорти — Урганч аэропорти — Хива темир йўл вокзали йўналишида тизимни синовдан ўтказиш таклиф қилинган. Бундан ташқари, ички авиақатновлар жадвалларини ўзаро мувофиқлаштириш ҳам режалаштирилмоқда. Тошкент халқаро аэропорти орқали бошқа ҳудудларга учадиган йўловчилар учун қулай боғловчи рейслар ташкил этилиши мумкин.
Бунда бир рейснинг Тошкентга қўниши ва кейинги рейснинг учиши ўртасидаги вақтни аэропортнинг технологик жараёнлари ҳамда авиация хавфсизлиги талабларини ҳисобга олган ҳолда мақбуллаштириш назарда тутилган. Шунингдек, боғловчи авиақатновлар учун ягона электрон чипта расмийлаштириш, йўловчиларни якуний манзилгача рўйхатдан ўтказиш ва багажни оралиқ аэропортда қайта қабул қилмасдан, якуний манзилга етказиш имкониятини яратиш таклиф этилган.
Қарор лойиҳасида поездлар, самолётлар ва автомобил транспорти ҳаракат жадвалларини сунъий интеллект технологиялари ёрдамида қайта ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган. Хусусан, автобуслар ҳаракатини поездлар ва авиақатновлар жадвалларига мувофиқлаштириш режалаштирилмоқда.
Мазкур таклифлар темир йўл, ҳаво ва автомобил транспортида маҳаллий йўловчи ташувларини комплекс ривожлантириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган стратегияни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасидан ўрин олган.
Ҳужжат 11 ноябрга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.
Live
Барчаси27 Октябрь