Ўзбекистонда ўртача ойлик маош қанчалиги айтилди
Жамият
−
26 Январь 13325 3 дақиқа
2025 йил якунига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик маош 6 млн 376 минг сўмни ташкил қилган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, 2025 йил январь-декабрь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 6 млн 376 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,9 фоизга ўсган.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақлари Тошкент шаҳрида 10 млн 753 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,3 фоизга ошган.
Шунингдек, бу кўрсаткич Наманган вилоятида 4 млн 751 минг сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 122,8 фоиз), Сирдарё вилоятида 5 млн 119 минг сўмни (120,8 фоиз), Жиззах вилоятида 4 млн 786 минг сўмни (120,5 фоиз), Фарғона вилоятида 4 млн 730 минг сўмни (119,1 фоиз) ва Хоразм вилоятида 5 млн 52 минг сўмни (118,4 фоиз) ташкил этган.
Шу билан бирга, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Қашқадарё вилоятида 4 млн 476 минг сўмни (118,2 фоиз), Самарқанд вилоятида 4 млн 737 минг сўмни (117,8 фоиз), Сурхондарё вилоятида 4 млн 481 минг сўмни (117,4 фоиз), Бухоро вилоятида 5 млн 93 минг сўм (117,2 фоиз), Тошкент вилоятида 5 млн 967 минг сўмни (116,9 фоиз), Навоий вилоятида 7 млн 871 минг сўмни (116,0 фоиз), Қорақалпоғистон Республикасида 5 млн 3 минг сўмни (115,7 фоиз) ҳамда Андижон вилоятида 5 млн 238 минг сўмни (113,4 фоиз) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан ўсиш суръати пастроқ экани кузатилган.

Ўртача ойлик номинал иш ҳақи иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлил қилинганда, энг юқори ўсиш суръатлари санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида қайд этилган. Хусусан, мазкур соҳада 2024 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 26,4 фоизни ташкил этиб, иш ҳақи миқдори 5 млн 448 минг сўмга етган.
Шунингдек, таълим йўналишида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилиб, иш ҳақи миқдори 4 млн 372 минг сўмни ташкил этган (ўсиш – 20,1 фоиз). Ташиш ва сақлаш соҳасида ўртача иш ҳақи 9 млн 659 минг сўмни ташкил этиб, 18,9 фоизга, саноат соҳасида эса 7 млн 525 минг сўмга етган (16,7 фоиз ўсиш). Ахборот ва алоқа соҳаларида ўртача иш ҳақи 15 млн 298 минг сўмни ташкил этиб, 15,8 фоизга ошгани қайд этилган.
Шу билан бирга, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн 90 минг сўм бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,8 фоизга ошган. Қурилиш соҳасида бу кўрсаткич 6 млн 548 минг сўмни ташкил этиб, 9,1 фоизга, савдо соҳасида 6 млн 961 минг сўмни ташкил этиб, 12,0 фоизга, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўналишида 3 млн 909 минг сўмни ташкил этиб, 14,5 фоизга ошган. Банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасида эса ўртача ойлик иш ҳақи 17 млн 597 минг сўмни ташкил этиб, 15,2 фоизга ўсган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда 2025 йилнинг январь-октябрь ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 42 минг 919 сомни ёки 491,3 АҚШ долларини ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси