Ўзбекистонда порахўрларнинг “қора рўйхати” шакллантирилади
Жамият
−
23 Июнь 2021
10911Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг даромадларини декларациялаш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага чиқарилиши кутилмоқда.
Лойиҳага кўра, "Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармони ҳамда "Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарорини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Уларда қуйидагилар назарда тутилади:
• коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилади. Унга киритилганларга бир қатор чекловлар ўрнатилади;
• 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади;
• манфаатлар тўқнашуви деб ҳисобланадиган ҳолатлар белгиланади, уларга йўл қўйганлар жавобгарликка тортилади;
• коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилади;
• кадрлар билан ишлаш, хўжалик ишлари, молия-иқтисод бўлинмалари ва назорат функциясига эга тузилмалар раҳбарларини ҳар 5 йилда ротация қилиш механизми киритилади;
• Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари бўйича ваколатлари кенгайтирилади.
Шунингдек, 2021–2022 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилди.
Диёра Абдураҳмонова
LiveБарчаси