Ўзбекистонда маймунчечак вирусига қарши қандай чоралар кўрилмоқда?
Саломатлик
−
17 Август
9285Ўзбекистонда маймунчечак касаллиги (М-pox) аниқланган тақдирда, унга қарши курашиш учун барча чоралар кўрилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустамжон Икромов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, республикада ушбу касалликнинг четдан кириб келиши ва уни олдини олиш мақсадида маълум чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яъни маймунчечакка чалиниш ҳолатлари гумон қилинадиган бўлса, уларда лаборатория ишларини ўтказиш учун ҳудудий бошқармаларда ҳамда марказдаги, шунингдек, Республика илмий-текшириш институтида фаолият олиб бораётган мутахассислар қайта тайёргарликдан ўтказилган.
Бундан ташқари, М-pox касаллигини ташхислаш учун зарур бўлган диагностика ҳамда тест системаларини олиб келиш борасида ишлар амалга оширилмоқда.
“Бизда 2023 йилда келтирилган тест системалари ҳам мавжуд бўлиб, уларни ҳудудларга етказиб бериш, мутахассисларимизни улардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш ишларини олиб боряпмиз. Видеоконференция тарзида боғланиб, амалий кўрсатиш орқали лаборатория ходимларининг тажрибасини мустаҳкамлаяпмиз”, дейди Рустамжон Икромов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швеция ҳукумати мамлакатда маймунчечак касаллиги (М-pox) қайд этилганини маълум қилганди. 2023 йил охирида янги эпидемия бошланганидан бери бу вирус Африкадан ташқарида биринчи марта айнан ушбу мамлакатда аниқланган. Расмийларнинг тушунтиришича, бемор касалликни Африкага сафари пайтида юқтирган. Шунингдек, Покистонда ҳам ушбу вирус билан касалланганлар аниқланди. ЖССТ эса маймунчечак вируси сабабли глобал фавқулодда ҳолат эълон қилди.