Ўзбекистонда маҳаллаларнинг “яшил рейтинги” жорий этилади

Жамият

image

Ўзбекистонда маҳаллаларнинг “яшил рейтинги”ни жорий этиш таклиф этилмоқда. Бугун, 21 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллаларда аҳоли учун қулай экологик муҳит яратиш ва инновацион ечимларни жорий этиш юзасидан тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, экология қўмитасига ҳар бир маҳалла кесимида кўчат тури, экиладиган жойи ва суғориш тизими акс этган “яшил харита”ларни ишлаб чиқиб, аҳолига эълон қилиш топширилган. Маҳалла раислари билан биргаликда ҳар бир кўчадаги дарахт ва кўчатлар ҳолатини мунтазам кузатиш, қуриш сабабларини аниқлаб, бартараф этиш вазифаси қўйилган.

Дарахт экиш ишларини, аввало, аҳоли гавжум жойларда, пиёдалар йўлаклари ва туну кун ишлайдиган кўчаларда ташкил этиш муҳимлиги таъкидланган. Бундай ҳудудларда соя берувчи дарахтларни кўпайтириш орқали одамларнинг юриши ва дам олиши учун қулай шароит яратиш зарурлиги қайд этилган.

Тақдимотда “Яшил” маҳаллам” дастури доирасида маҳаллаларга комплекс хизматлар кўрсатиш таклифлари кўриб чиқилган. Маҳалла буюртмаси асосида сифатли кўчатлар, органик ўғит ва сув тежовчи суғориш воситаларини етказиб бериш, дарахтларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш хизматларини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Ҳар бир маҳаллага ўрмончи-мураббий бириктириб, аҳолига кўчат экиш, суғориш ва парваришлашни ўргатиш, уйлар, мактаб ва боғчалар оралиғида кичик дарахтзорлар ҳамда жамоат боғларини барпо этиш режалаштирилган. Бу ишларга маҳалла фаоллари ва ёшлардан иборат кўнгиллилар ҳаракатларини кенг жалб қилиш вазифаси белгиланган.

Маҳаллаларнинг “яшил рейтинги”ни жорий этиш таклифи ҳам муҳокама қилинган. Бунда яшил майдонлар улуши, аҳоли сонига нисбатан дарахтлар сони, янги кўчатларнинг тутиб кетиши ва аҳолининг иштироки асосий мезонлар бўлади. Юқори натижага эришган маҳаллаларни ободонлаштириш учун қўшимча маблағлар ва “яшил” лойиҳаларга мақсадли микрогрантлар ажратиш орқали рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш топширилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг