Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар кескин кўпайди
Жамият
−
02 Апрель 2020
24073Бугун, 2 апрель куни коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалишди. Уларнинг 12 нафари Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 1 нафари эса Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонадан соғайиб чиқишди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатишди.
Коронавирус инфекцияси хасталигидан тузалган фуқароларнинг 1 нафари жорий йил 13 март куни Истанбул – Тошкент йўналишидаги рейсда, яна 1 нафари эса шу йил 18 март куни Москва – Тошкент йўналишидаги рейс билан Ўзбекистонга келган. Қолган 11 нафар киши эса коронивирус инфекциясига чалинган фуқаролар билан мулоқотда бўлишган. Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан жами соғайганлар 25 нафарга етди.
Табиийки, ушбу қувончли воқеа замирида фидойи ва малакали тиббиёт ходимларининг улкан ҳиссаси бор. Коронавирус инфекциясининг дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган бир пайтда, мамлакат шифокорлари саросимига тушмасдан, ўз қасамёдларига содиқ ҳолда пандемия билан курашишдек катта масъулиятни зиммаларига олишди. Бор билим ва тажрибасини ишга солган ҳолда қаҳрамонларча коронавирус балосига қарши курашишга киришдилар ва самарали натижаларга ҳам эришмоқдалар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 190 нафарга етди. Уларнинг 2 нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси