Коронавирусдан соғайганлар қарийб 130 нафарга етди – ССВ
Жамият
−
16 Апрель 2020
8744Аввалроқ, Бухорода коронавирусга чалинган 20 нафар бемор тўлиқ тузалиб, реабилитацияга кузатилгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 16 апрель куни Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятидан ҳам хушхабарлар келди. Ҳар икки ҳудудда ҳам бир нафардан коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Хоразмда соғайган бемор вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Соғайган 33 ёшли бемор жорий йил 22 март куни чартер рейс орқали Россиядан Хоразмга келган ва карантинга олинган эди. Унда коронавирус инфекцияси аниқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унинг тузалишида, шу билан бирга, бошқа коронавирус инфекциясига чалинган беморларда самарали даволаш муолажалар олиб боришда мазкур шифохона тиббиёт ходимларининг бирдамликда олиб бораётган саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган 1 нафар бемор буткул соғайди.
Соғайган бемор 70 ёшда бўлиб, Тошкент шаҳрида яшайди. У мулоқот орқали коронавирус инфекциясини юқтириб олган. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар унда инфекция йўқлигини кўрсатди. Шундай қилиб, ушбу клиникада ҳозирга қадар дарддан фориғ бўлганлар 11 нафарга етди.
Айни пайтда клиникада коронавирус инфекциясига чалинган беморларга тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стантдартлар асосида муолажалар олиб борилмоқда. Бунда малакали пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби мутахассислар билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсияларни олинмоқда.
Ҳозирга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 129 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача вирус юқтирганлар 1349 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 4 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси