Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар сони 10 нафарга етди

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар сони 10 нафарга етди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, Туркиядан келган икки кишида ушбу вирус аниқланган.

Жорий йилнинг 15 март куни соат 05:15 да “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясига  қарашли Истанбул–Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган бир нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланганлиги ҳақида хабар берган эдик. Сўнгги маълумотларга қараганда, Истанбулдан мазкур рейс билан бирга келган беморнинг турмуш ўртоғи ва яна бир фуқарода ҳам ушбу инфекция тасдиқланган.

Айни пайтга келиб, ушбу инфекция аниқланган беморлар сони 10 нафарга етди. Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган ушбу беморларнинг аҳволи ҳозирча  қониқарли бўлиб,  шифокорлар томонидан  стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

Инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни соат 06:00 да қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган бемор – олий тоифали шифокор 11 март куни Франциядан қайтган бўлган.

Маълумот учун, дунё бўйича 182 609 киши коронавирусга чалинган. Шундан, 7171 нафар бемор вафот этган, 79 883 нафар бемор хасталикдан фориғ бўлган.

Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус

Баҳолаганлар

556

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг