Ўзбекистонда халқаро уюшган наркогуруҳ аъзолари ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона хизмати ходимлари ҳамкорлигида трансмиллий уюшган наркожиноятчиликка қарши халқаро тезкор-қидирув тадбири ўтказилиб, 111 кг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг сентябрь ойида ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши халқаро тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона хизмати ходимларидан иборат тезкор гуруҳ тузилиб, 111 кг гиёҳвандлик воситалари қўлга киритилган.

Халқаро уюшган наркогуруҳнинг 6 нафар аъзоси Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятида қўлга олинган. Жумладан, жорий йилнинг 13 сентябрь куни Фарғона вилоятида яшовчи шахс гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олаётган вақтида ушланган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, уюшган жиноий гуруҳнинг Андижон вилоятида яшовчи 2 нафар аъзоси 10 кг “гашиш” гиёҳвандлик воситасини кўмиб қўйилган жойдан олаётган вақтида ушланган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида жиноий гуруҳнинг Андижон вилоятида яшовчи 2 нафар аъзоси туманда жойлашган ошхонада 6 минг доллар эвазига 1 кг “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиб олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини қўлга олиш мақсадида Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида давом эттирилган тезкор тадбирда эса муқаддам 3 маротаба судланган шахс 5 кг “опий” гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида ушланган. Трансчегаравий уюшган наркогуруҳ бир неча йилдан бери фаолият юритиб, республиканинг Андижон, Фарғона, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан шуғулланиб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини қўлга олиш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида Афғонистондан олиб келинган 25 килограммдан ортиқ наркотик моддалар сотилишининг олди олингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

уюшган жиноятчилик гиёҳвандлик воситаси наркогуруҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг