Афғонистондан 25 килограммдан ортиқ наркотик олиб келганлар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
17 Сентябрь 7966
Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида Афғонистондан олиб келинган 25 килограммдан ортиқ наркотик моддалар сотилишининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, муқаддам наркокуръерлар томонидан Афғонистон Республикасидан контрабанда йўли билан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилган ва Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманига келтирилиб, дала майдонидаги хуфия жойга яшириб кўйилган 9 кг 896 гр “гашиш” моддасини қабул қилиб олган вақтида Марғилон шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган хусусий тадбиркор ва унинг 1989 йилда туғилган жиноий шериги ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, воқеа жойидан қочишга уринган хусусий тадбиркорнинг ёнида бўлган 14 минг 500 АҚШ доллари ва 6 млн 250 минг сўм ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Терговга қадар текширув давомида ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган учинчи шахснинг яшаш хонадонидан эса 110 гр “опий” моддаси, 2 та электрон тарози, 1200 АҚШ доллари ҳамда 28 млн сўм процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Ушбу наркотик моддалар Фарғона водийсидаги истеъмолчиларга сотилиши керак бўлган.
Афғонистон йўналишида наркотик моддалар контрабандасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари томонидан яна бир тезкор тадбир ўтказилган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида яшовчи, 1963 йилда туғилган, муқаддам наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Хоразм вилояти Хазорасп туманида истиқомат қилувчи, 1978 йилда туғилган фуқаро билан ўзаро тил бириктириб, келгусида сотиб, мўмай даромад топиш мақсадида афғонистонлик наркосавдогарларга катта миқдордаги гиёҳвандлик воситасига буюртма берган.
Ўз навбатида наркокуръерлар томонидан наркотик моддалар Афғонистондан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилиб, кейинроқ Тўрткўл туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда тўрткўллик ва хазорасплик мазкур шахслар хуфия жойдан 6 кг 149 гр “опий” моддасини ва 9 кг 814 гр кўкнори сомонини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми ва 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган ва Фарғона вилоятларида Қирғизистондан катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келган шахслар қўлга тушган эди.