Ўзбекистонда Instagram ва Telegram ўчирилиши ортидан ишдан олинган вазир ВМга қайтди

Жамият

image

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Шуҳрат Муҳамаджонович Содиқов Ўзбекистон Республикаси Бош вазири котибияти раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Шуҳрат Содиқов 1969 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 1992 йилда Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаган. 2004 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини, 2006 йилда эса магистратурани тамомлаб, магистрлик даражасини олган.  2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган, иқтисод мутахассислиги бўйича магистр даражасини олган. 

Меҳнат фаолиятини 1992 йилда Жиззах радиотелефон алоқа узелининг муҳандис-иқтисодчиси сифатида бошлаган. 1993-1997 йилларда “Нур” кичик корхонасида компьютер техникасига хизмат кўрсатиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича техник директор лавозимида ишлаган. 1997 йилдан 2002 йилгача – инспектор, 1-тоифали, 2-тоифали муҳандис, Давлат алоқа инспекцияси этакчи муҳандиси ва Тошкент шаҳар Давлат алоқа инспексияси бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлган.  

2004-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил бошқармаси бош мутахассиси лавозимида ишлаган. 2006 йилдан буён ўринбосар, 2008 йил 6 ноябрдан эса “Ўзбектелеком” АК бош директори лавозимида ишлаган. 

2010 йил 25 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. 2017 йил 1 августдан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори бўлган. 2018 йил 8 августдан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тайинланган.  

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 4 ноябрдаги фармони билан мамлакатда ижтимоий тармоқлар блокланиши билан боғлиқ можародан сўнг вазир лавозимидан озод этилган эди.

Гап шундаки, 2021 йилнинг 3 ноябрь куни соат 19:30 лар атрофида Ўзбекистонда “Мой Мир”, “Одноклассники”, “Youtube”, “Facebook”, “Telegram”, “Instagram” ва “Linkedn” каби мессенжер ва ижтимоий тармоқлар фаолиятида узилишлар кузатила бошланди. Кейинроқ Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ушбу платформаларни Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритгани маълум бўлди.

Орадан кўп ўтмай, ушбу тармоқлар фаолиятига қўйилган чеклов расман бекор қилинди. Чекловни ўрнатган ташкилот Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси раҳбари Ғолибшер Мелибоевич Зияев Бош вазир қарори билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Барча иш ғиштдан кўчиб бўлгач, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги расмий маълумот билан чиқиб, узилишларга "Ўзтелеком" АК ускунасидаги носозлик сабаб бўлганини айтди. Орадан кўп ўтмай бу баёнот ўчирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шуҳрат Содиқов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг