Ўзбекистонда илк бор халқаро теннис спорти ҳафталиги ўтказилади
Спорт
−
23 Декабрь 2019
6844Жорий йилнинг 22-27 декабрь кунлари Наманган шаҳрида жойлашган "Баркамол авлод" спорт саройида стол тенниси бўйича "Марказий Осиё Олимпия умидлари" ҳафталиги ўтказилади.
Ўзбекистон стол тенниси федерацияси Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда, Осиё стол тенниси федерациясининг 2019 йилдаги "ITTF ASIA DEVELOPMENT PROGRAM" низоми бўйича ташкил этиладиган ҳафталикда 10 ёшдан катта бўлган спортчилар халқаро ўқув-машғулот йиғинида қатнашади.
Ёшларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш мақсадида ўтказилаётган "Марказий Осиё Олимпия умидлари" ҳафталигида стол теннисчилардан ташқари, Марказий Осиё ва Эрон давлатларининг терма жамоалари иштирок этади.
Ҳафталик давомида терма жамоа аъзолари тактик-техник, жисмоний ҳолат бўйича назарий ҳамда амалий машғулотлар ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ўқув машғулот йиғини Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари тарихида илк маротаба ўтказилмоқда.