Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушининг энг кичик қатнашчиси 78 ёшда. Қандай қилиб?
Жамият
−
08 Май 2023
32993Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти қатнашчиларининг сони 174 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 6 май ҳолатига кўра, уруш ҳамда фронт орти қатнашчиларининг 25 нафари 100 ва 100 ёшдан ошган. Умумий ҳисобда уларнинг энг кичиги 78 ёш, энг каттаси эса 112 ёшдадир.
Шу ўринда савол туғилади. Жорий йил Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 78 йил тўлмоқда. Қандай қилиб энг ёш уруш қатнашчиси 78 ёшда бўлиши мумкин?
QALAMPIR.UZ ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. Улар 1944 йилда Германиядаги концлагерда туғилган аёл ҳозирда Тошкент вилоятида яшашини ва айни пайтда 78 ёшда эканини маълум қилди.
Вазирлик ҳар бир вилоятда қанча уруш иштирокчилари истиқомат қилаётгани ҳақида ҳам маълумот берган:
Қорақалпоғистон Республикасида – 3 нафар;
Андижон вилоятида – 6 нафар;
Бухоро вилоятида – 7 нафар;
Жиззах вилоятида – 6 нафар;
Қашқадарё вилоятида – 10 нафар;
Навоий вилоятида – 9 нафар;
Наманган вилоятида – 7 нафар;
Самарқанд вилоятида – 10 нафар;
Сирдарё вилоятида – 3 нафар;
Сурхондарё вилоятида – 8 нафар;
Тошкент вилоятида – 26 нафар;
Фарғона вилоятида – 19 нафар;
Хоразм вилоятида – 5 нафар;
Тошкент шаҳрида – 55 нафар.
Бундан кўриниб турибдики, энг кўп уруш қатнашчиси айни дамда Тошкент шаҳрида, энг ками эса Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Сирдарё вилоятида истиқомат қилади.
LiveБарчаси