Ўзбекистонда “Формула-1” пойгалари ўтказилиши мумкин

Спорт

image

Ўзбекистонда “Формула-1” пойгалари ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро автомобиль федерациясининг (FIA) президенти Муҳаммад бин Сулайм билан учрашуви чоғида муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Муҳаммад бин Сулайм бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Бош ассамблеясида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турибди. Учрашувда делегация таркибида FIA Сенати президенти Кармело Санс де Баррос ҳамда мобиллик ва туризм бўйича вице-президенти Тим Ширман ҳам иштирок этган.

Автоспортни тартибга солувчи ва йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғиб қилувчи ушбу глобал ташкилот билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Муҳаммад бин Сулайм Ўзбекистонда амалга оширилаётган профессионал ва оммавий спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида жисмоний фаолликни ошириш ҳамда баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаган.

Мамлакатда автомобиль спорти – картингдан тортиб, то “Формула” пойгаларигача бўлган барча йўналишларни ривожлантиришда яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилган.

FIA университетининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ўзбекистонлик пойгачилар, картинг ҳайдовчилари, муҳандислар, конструктор ва механикларни тайёрлаш, Ўзбекистонда замонавий автоспорт инфратузилмасини яратиш, пиёда ва транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш ҳамда мазкур халқаро ташкилот шафелигида халқаро мусобақалар, аввало, “Формула-1” босқичларини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашув якунида мамлакат етакчиси Халқаро автомобиль федерацияси билан ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда автоспортни халқаро стандартларга мувофиқ оммалаштиришга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун FIA раҳбарига Ўзбекистоннинг юксак мукофоти – “Дўстлик” орденини топширган.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон 2019 йилдан буён федерациянинг фаол аъзоси ҳисобланади. Ўтган йили Самарқандда FIA’нинг 120 йиллигига бағишланган навбатдан ташқари Бош ассамблеяси бўлиб ўтган эди. Бу йилги тадбир доирасида 12 декабрь куни “Humo Arena” мажмуасида юқори мартабали хорижий меҳмонлар ва чемпион пойгачилар иштирокида энг намунали спортчилар ва жамоаларни тақдирлаш маросими ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Формула-1 FIA Халқаро автомобиль федерацияси Муҳаммад бин Сулайм

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг