Ўзбекистонда экологлар учун ҳам янги унвон таъсис этилади
Жамият
−
20 Сентябрь
1603“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этилиши таклиф қилинди. Бу ҳақда кеча, 19 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризм соҳаларидаги таклифлар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилишича, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Фаол ва жонкуяр инсонларни рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш таклифи билдирилган.
Шу билан бирга, атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Орхус конвенциясига қўшилиш масаласи кўриб чиқилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик бўйича модда киритиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.
Шунингдек, эндиликда дарахтларни кесиш ва қасддан қуритиш, дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш кабилар учун жарималарни ошириш ва қатъийлаштириш чоралари кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор" фахрий унвони таъсис этилган ва бу унвон биринчи бўлиб Жиззахлик тадбиркор гулчи аёл Шарофат Нориевага топширилганди.
LiveБарчаси