Ўзбекистонда болалар никоҳи сезиларли даражада камайган – Equality Now
Жамият
−
14 Ноябрь
2936Ўзбекистонда болалар никоҳининг ҳамда эрта ва мажбурий никоҳнинг кўрсаткичи сўнгги ўн йил ичида 3,4 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Equality Now халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида сўз боради.
Қайд қилинишича, Грузия ва Қирғизистон Евросиёда болалар никоҳининг энг катта кўрсаткичига, Ўзбекистон эса энг кичик кўрсаткичига эга.
Тадқиқотда Евросиёнинг еттита давлати: Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондаги болалар никоҳи, эрта никоҳ ва мажбурий никоҳ муаммоси ҳар томонлама таҳлил қилинган. У инсон ҳуқуқларининг бузилишига қарши курашиш учун асосий сабаблар, оқибатлар, ҳуқуқий ва сиёсий асослар ва эҳтимолий аралашув стратегияларини ўрганади.
Ҳисоботда айтилишича, етти давлатнинг барчаси болалар ва мажбурий никоҳга оид қонунларни ислоҳ қилиш бўйича чоралар кўрган, бироқ фақат Грузия ва Озарбайжон никоҳ учун минимал ёшни истисносиз 18 ёш деб белгилаган.
Қолганлари ота-она розилиги ва маҳаллий ҳокимият рухсати билан 18 ёшга тўлгунга қадар никоҳ қуришга рухсат берувчи қонуний қоидаларни сақлаб қолмоқда. Россиянинг бир қанча минтақаларида 14 ёшдан бошлаб никоҳга рухсат берилган.
Вояга етмаганлар иштирокида расмий рўйхатга олинган никоҳлар даражаси мамлакатлар ўртасида ва мамлакат ичида сезиларли даражада фарқ қилади. Грузия энг юқори тарқалиш даражасига эга, у ерда 20 ёшдан 24 ёшгача бўлган аёлларнинг 14 фоизи 18 ёшдан олдин турмушга чиққан ва Квемо Картли каби қишлоқ жойларида бу кўрсаткич 25 фоизга этади. Қирғизистонда ҳам юқори кўрсаткич бор, худди шу ёшдаги аёлларнинг тахминан 13 фоизи 18 ёшдан олдин турмушга чиққан.
Болалар никоҳида энг паст кўрсаткич Ўзбекистонда (3,4 фоиз) бўлиб, сўнгги ўн йил ичида бу сезиларли даражада камайган. Бироқ шарқий минтақада эрта турмуш даражаси 11 фоиз миқдорида қолмоқда.
Арманистонда эрта турмуш қуриш даражаси 5 фоизни ташкил этади ва бу эрта никоҳ даражаси камайиб бораётган дунёдаги етакчи ўнта мамлакат қаторига киради. Тараққиётга қарамай, қизлар 13 ёки 14 ёшида турмушга бериладиган язидилар жамоасида ёш никоҳлар ҳамон кенг тарқалган.
Equality Now ташкилоти ҳукуматларни никоҳ учун минимал ёшни истисносиз 18 ёш этиб белгилашга чақирмоқда. Ҳукуматлар, шунингдек, қизларни ёш турмушга узатмаслик ва мактабда ушлаб туриш учун оилаларни моддий рағбатлантириш чораларини кўриши керак деб ҳисобламоқда.