Ўзбекистонда “блэкаут” хавфи борлиги айтилди
Жамият
−
08 Декабрь 2022
59244Ўзбекистонда “блэкаут” хавфи доимий сақланиб қолмоқда. Бу мамлакат энергия тармоқлари қўшнилар билан интеграциялашгани билан боғлиқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг баёнотида айтилади.
Жорий йилнинг 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Бунинг ортидан поездларнинг манзилга етиб бориш вақти кечиктирилди. Электрдаги узилиш сув таъминотини ҳам тўхтатиб қўйди.
Кейинроқ, қўшни мамлакатлар — Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор ҳудудларида ҳам электр энергияси узилди. Ўзбекистонда эса барча аэропортлар фаолияти чекланди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олма-ота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган.
Энергетика вазирига кўра, январь ойидаги “блэкаут”дан тегишли сабоқ чиқарилган.
“Албатта, “блэкаут” – бу технологик ҳолат. Бундай хавф доим бор. Буни инкор қилиш керак эмас. Чунки, энергия тизимимиз нафақат ўз ичимизда, балки қўшни мамлакатлар билан интеграциялашган. Шуни инобатга олган ҳолда январь ойида бўлган “блэкаут”дан тегишли сабоқлар чиқарган ҳолда, биринчи ўринда автоматик ўчириш қурилмалари авариявий ҳолатларнинг олдини олиш тизимлари, марказий диспетчерлик тизими ташкил қилинди. Чекловлар киритилаётганидан асосий мақсад ҳам шуки, назоратли ўчириб, “блэкаут” ҳолатининг олдини олиш. Агар шундай чекловлар киритилмаса, албатта, энергия тизими издан чиқади ва “блэкаут”га олиб келиш эҳтимолини келтириб чиқаради”, дейди вазир.
Маълумот учун, 25-27 январь кунлари Марказий Осиёда содир бўлган “Блэкаут” жараёнидаги ягона электр тармоғида юз берган авария натижасида кузатилган узилишлар сабаб истеъмолчиларга 4,5 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди.