Ўзбекистонда бизнес юритиш учун энг яхши ва ёмон ҳудудлар маълум қилинди
Жамият
−
14 Июнь 2021
16397Тошкент шаҳри 2020 йилда Ўзбекистоннинг бизнес юритиш учун энг қулай ҳудуд деб топилди. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари эса рейтингда охирги ўринни эгаллади. Ўзбекистон Иқтисодий изланишлар маркази (CERR) 2020 йилда турли вилоят ва туманларда бизнес юритиш учун шароитлар нақадар қулай ёки ноқулай бўлганини ўрганиб, шундай хулосага келди.
Изланишлар Бизнес Индикатор (Business Indicator) онлайн платформаси орқали амалга оширилган. Тадқиқот натижасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича вилоят ва туманларидаги шаҳарлар рейтинги тузилган.
Тошкент шаҳри 7,8 балл билан энг юқори ўринни эгаллаган. Энг паст кўрсаткичлар эса Қашқадарё - 4,5 балл, Сурхондарё - 4,5 балл вилоятларида қайд этилган.
Туманлар орасида эса, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича энг юқори баллар - Бектемир (9,0 балл), Мўйноқ (8,9 балл), Қўрғонтепа, Яккасарой ва Кармана (8,4 балл) туманларида қайд этилган.
Энг паст ўринлар эса - Бахмал (6,3 балл), Бувайда (6,4 балл), Тупроққалъа, Учкўприк, Самарқанд, Бекобод ва Янгийўл туманларида (6,5 балл) экани аниқланган.
Ҳисоботга кўра, 2019 йилга нисбатан 2020 йилда Ўзбекистон бизнес юритиш борасида сезиларли ютуқларга эришган. Хусусан:
• тадбиркорларга тегишли бўлган кўчмас мулкка зарар етказиш ҳолатлари сони 13 баробарга камайди - 96 ҳолат (2019 йилда - 1260 та);
• тадбиркорларга берилган кредитлар бўйича фоизлар учун компенсация миқдори 3 баробар ўсди - - 2,8 трлн.сўм (2019 йилда 855 млрд. сўм);
• сўнгги уч йил мобайнида узлуксиз фаолият юритаётган тадбиркорлар сони 32,5 фоизга ошди;
• тадбиркорлар иштирокида хўжалик ва маъмурий судларда кўриб чиқилган низолар 44 фоизга камайган - 97,6 минг низо. (2019 йилда 173,3 минг);
• тадбиркорлик субъектларини текширишлар сони 8,5% га камайди - 52,3 минг текширув. (2019 йилда - 57,2 минг текширув ўтказилган).
Шунингдек, 25 минг нафар тадбиркорлар орасида ўтказилган сўровда маълум бўлишича, 2020 йилда (2019 нисбатан) банк хизматлари сифати яхшиланган ҳамда бизнес вакилларининг давлат органларига ишончи ортган.
Шу билан бирга, сўровда иштирок этганларнинг 44 фоизи ҳомийликка мажбур қилинганлиги ва 40 фоизи суд ҳукмларига шубҳа билан қараши ҳам маълум бўлган.
LiveБарчаси