Ўзбекистонда 2,1 мингдан зиёд давлат хизматчиси штати қисқартирилади
Жамият
−
08 Октябрь 9629 3 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 ноябридан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг жами 2141 та штати қисқартирилади. Бу ҳақда Президентнинг 4 октябрь куни қабул қилинган “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятига рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Ушбу фармон давлат органлари фаолиятида замонавий бозор механизмлари жорий этилиши, улар фаолиятига рақамли технологияларнинг кенг татбиқ этилиши, шунингдек, давлат функцияларини амалга оширишга хусусий секторнинг жалб қилиниши каби йўналишларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан келиб чиқиб, республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш ҳамда бошқарув харажатларини қисқартириш мақсадида қабул қилинган.
Фармон билан Вазирлар Маҳкамасининг республика ижро этувчи ҳокимият органларига юклатилган вазифа ва функцияларни рақамлаштириш ҳисобига уларнинг бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш юзасидан берилган таклифлари маъқулланган.
Фармон кўра, ижро ҳокимиятининг 2141 та штат бирлиги, жумладан, бюджет ташкилотларидан 1863 та, бюджетдан ташқари жамғармадан эса 278 та лавозим штат жадвалидан чиқарилади. Шунингдек, қўмита, агентлик ва инспекцияларда раҳбар ўринбосарлари сони жами 16 тага қисқартирилади.




Шунингдек, жорий йил 1 ноябрдан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг мақбуллаштириладиган бошқарув штат бирликлари сони ва қўмита, агентлик ва инспекцияларда мақбуллаштириладиган раҳбар ўринбосарлари штат бирликлари сони тасдиқланади.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари:
- соҳага оид бўлмаган вазифаларнинг қисқартирилиши ва фаолиятига рақамли технологияларнинг жорий этилишини;
- маълумотларни қайта ишлаш ҳамда сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни ишга тушириш учун техник инфратузилма яратиш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида мазкур йўналишдаги устувор лойиҳалар амалга оширилишини;
- сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш, кадрлар салоҳияти ривожлантирилишини таъминлайди.
Бундан ташқари, Рақамли технологиялар вазирлиги вазирлик ва идоралар билан биргаликда уларнинг вазифа ва функцияларини рақамли технологиялар асосида такомиллаштириш, автоматлаштириш ҳамда рақамлаштириш бўйича ишларни олиб бориши белгиланди.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари:
- бир ҳафта муддатда марказий аппарат ва идоравий бўйсунувдаги ташкилотлар ходимлари сонини мақбуллаштириш бўйича комиссиялар ташкил этсин ҳамда қисқартириладиган лавозимлар рўйхатини тасдиқлайди;
- штат бирликлари қисқартирилаётган ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларда меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий амал қилиниши ҳамда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликни таъминлаши лозим.
Шу билан бирга, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан биргаликда штат бирликлари қисқартирилган ходимларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш чораларини кўради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортик бўлган хўжалик жамиятлари акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишида, шунингдек, давлат корхоналари бошқарув органларида камида бир нафардан раҳбар ўринбосари лавозимларини қисқартириш, шунингдек, бошқарув ходимлари сонини 10 фоиз миқдорида мақбуллаштириш ташаббуси билан чиқиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг телефон рақами, почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳақидаги ахборотларни назарда тутувчи маълумотлар базаси яратилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси