Ўзбекистонда Ҳамширалар академияси ташкил этилади
Жамият
−
14 Январь 2023
7891Туркиянинг Соғлик билимлари университети билан ҳамкорликда Тошкентда Ҳамширалар академияси ташкил этилади. Бу ҳақда Соғликни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида университет ректори Жавдат Эрдол билан ўтган мулоқот чоғида бу бўйича келишувга эришилган.
Янги ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайдиган академияда ҳамшираларни тайёрлаш 4 йиллик ўқув дастури халқаро таълим стандартлари асосида амалга оширилади. Унга кўра, таълимнинг икки йили Ўзбекистонда ва икки йили Туркияда олиб борилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туркия Соғлик билимлари университети раҳбарияти ўртасидаги мулоқотда тиббиёт тизими учун раҳбар кадрларни тайёрлаш мақсадида бакалавриат босқичида “Тиббиёт менежменти” таълим йўналиши бўйича 4 йиллик қўшма дастур йўлга қўйилади. Бу лойиҳада ҳам талабалар икки йил Туркияда таҳсил олади.
Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура Академияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.
Озода Чориева
LiveБарчаси