Ўзбекистонда ҳам янги вирус тарқалишини олдини олиш чоралари кучайтирилмоқда
Саломатлик
−
09 Октябрь
3319Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Африка қитъасидаги Руанда давлатида Марбург геморрагик иситмасини қайд этгани сабаб Ўзбекистонда ҳам касалликнинг олдини олиш чоралари кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси хабар берди.
Жорий йилнинг 28 сентябрь ҳолатига кўра, Руанданинг 30 та округининг еттитасида, жами 26 та тасдиқланган касалланиш ҳолати рўйхатга олинган ва шундан 6 та ҳолатда ўлим қайд этилган. ЖССТ ушбу эпидемия хавфини миллий даражада жуда юқори, минтақавий даражада юқори ва бутун дунё даражасида паст деб баҳоламоқда.
Марбург вируси иситмасини олдини олиш ва унинг эҳтиёт чораларини кучайтириш мақсадида дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасида ҳам давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида фаолият юритаётган Cанитария назорат пунктларининг (СНП) ҳушёрлиги оширилган.
Марбург иситмаси билан касалланишни олдини олиш мақсадида:
- Геморрагик иситма касаллигига гумон қилинган беморларни ўз вақтида аниқлаб, изоляторларга алоҳидалаш;
- гумон қилинган беморлар билан мулоқотда бўлган тиббиёт ходимлари томонидан стандарт эҳтиёт чораларини кўриш, қўшимча равишда инфекцияни юқтиришини олдини олишга қаратилган шахсий ҳимоя воситаларидан тўлиқ фойдаланиш;
- гумон қилинган беморларнинг қонига тегмаслик, бемор ажратган тана суюқликлари, шунингдек, улар билан ифлосланган юзалар билан мулоқотда бўлмаслик;
- касалликнинг этиологияси, клиникаси, лаборатор ташхиси ва касалликни олдини олиш ва профилактикаси бўйича тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш;
- касалликни назорат қилишда хавфсиз инексия усулларини қўллаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, қайта ишлатилаётган тиббий асбобларни зарарсизлантириш ва чиқиндиларини хавфсиз йўқ қилиш;
- инфекция бўйича аҳолини хабардорлигини ошириш мақсадида аҳоли орасида тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга ошириш каби чоралари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
“Шу ўринда фуқароларимизга жиддий хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда Марбург вируси туфайли назорат кучайтирилгани, Германиянинг Гамбург шаҳри полицияси Марбург иситмаси билан касалланган эркак поездлардан бирида келгани эҳтимоли туфайли шаҳарнинг бош вокзалини қисман ёпиб қўйгани маълум қилинганди.