Ўзбекистон “Ягона Хитой” тамойилини қўллаб-қувватлашини билдирди
Жамият
−
15 Январь
5553Ўзбекистон томони Тайванда бўлиб ўтган сайловлар билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани ҳамда “Ягона Хитой” тамойилини қатъий қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
“Ягона Хитой” тамойилини қатъий қўллаб-қувватлашимиз ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати, Тайвань эса Хитой ҳудудининг ажралмас қисми эканини яна бир бор маълум қиламиз”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, ТИВ Ўзбекистон томони материк Хитой ва Тайвань ороли ўртасидаги муносабатларнинг тинч йўл билан ривожланиши тарафдори эканини таъкидлаган ҳамда ХХР ҳукуматининг мамлакатни бирлаштириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Маълумот учун, Тайвань ороли 1949 йилдан бери ўзини Хитойдан мустақил эканини эълон қилган. Ўшанда Чанг Кайши (1887-1975) бошчилигидаги гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учраганидан кейин у ерга қочиб кетган ва оролдаги ҳокимиятни эгаллаган. Бироқ Пекин Тайванни Хитой Халқ Республикаси провинцияларидан бири деб ҳисоблайди. Дунёнинг кўплаб давлатлари ҳам “Ягона Хитой” тамойилига амал қилади. Хусусан, АҚШ ҳам “Ягона Хитой” тамойилини тан олишини айтса-да, Тайванни ҳарбий қуроллар билан таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, 13 январь куни Тайванда маъмурият раҳбари ва оролнинг қонун чиқарувчи юань (парламент) депутатлари сайланди. Маъмурият раҳбарининг амалдаги ўринбосари, Тайвань Демократик прогрессив партияси вакили Лай Синде оролнинг янги етакчиси лавозими учун курашда ғалаба қозонди – у 40,05 фоиз овоз олди. Асосий мухолифатдаги Гоминдан партияси вакили Хоу Юи 33,49 фоиз, марказчи Тайвань Халқ партияси раиси Ке Венчже 26,46 фоиз овоз олди. Мухолифат сайловларда мағлубиятга учраганини тан олди.
АҚШ Президенти Жо Байден эса Вашингтон Тайвань мустақиллигини қўллаб-қувватламаслигини айтди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Тайвань масаласи оролдаги ўзгаришлардан қатъи назар, ХХРнинг ички иши бўлиб қолишини билдирди.