Тайвань масаласи Хитойнинг ички иши – Пекин
Олам
−
15 Январь
4859Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Тайвань масаласи оролдаги ўзгаришлардан қатъи назар, ХХРнинг ички иши бўлиб қолишини билдирди. Бу ҳақда Хитой ТИВ вакилининг оролдаги сайловлар якунлари бўйича вазирлик сайтида эълон қилинган баёнотида маълум қилинди.
“Тайвань масаласи Хитойнинг ички иши. Тайванда қандай ўзгаришлар юз бермасин, дунёда фақат битта Хитой борлиги ва орол Хитойнинг бир қисми эканлиги ўзгармайди”, дейилади баёнотда
Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши қошидаги Тайвань ишлари бўйича бошқармаси вакили Чэнь Биньхуа ҳам ҳудуддаги сайлов натижаларини худди шу руҳда изоҳлаган.
“Хитой ҳукуматининг “Ягона Хитой” тамойилини қўллаб-қувватлаш ва “Тайвань мустақиллиги”, “Икки Хитой” ва “Бир Хитой, бир Тайвань” шиорлари остидаги сепаратизмга қарши туриш бўйича позицияси ўзгармайди”, дейилади ТИВ баёнотида.
Шунингдек, унда “ягона Хитой” тамойилига амал қилиш бўйича “халқаро ҳамжамиятнинг ҳукмрон консенсуси” ўзгаришсиз қолиши таъкидланган.
“Ягона Хитой” тамойили Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг мустаҳкам пойдеворидир”, дейди вазирлик.
Шунингдек, ҳужжатда халқаро ҳамжамият “ягона Хитой” тамойилига амал қилишда давом этиши ва ўз халқининг ушбу “сепаратистик фаолият”га қарши туриши ва миллий бирлашишга интилишдаги адолатли ишини тушуниши ва қўллаб-қувватлашига ишонч билдирилган.
Маълумот учун, Пекин Тайванни Хитой Халқ Республикаси провинцияларидан бири деб билса-да, орол 1949 йилдан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшанда Чанг Кайши (1887-1975) бошчилигидаги гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учраганидан кейин у ерга қочиб кетган ва оролдаги ҳокимиятни эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, 13 январь куни Тайванда маъмурият раҳбари ва оролнинг қонун чиқарувчи юань (парламент) депутатлари сайланди. Маъмурият раҳбарининг амалдаги ўринбосари, Тайвань Демократик прогрессив партияси вакили Лай Синде оролнинг янги етакчиси лавозими учун курашда ғалаба қозонди – у 40,05 фоиз овоз олди. Асосий мухолифатдаги Гоминдан партияси вакили Хоу Юи 33,49 фоиз, марказчи Тайвань Халқ партияси раиси Ке Венчже 26,46 фоиз овоз олди. Мухолифат сайловларда мағлубиятга учраганини тан олди.
АҚШ Президенти Жо Байден эса Вашингтон Тайвань мустақиллигини қўллаб-қувватламаслигини айтди.
LiveБарчаси