АҚШ Тайвань мустақиллигини қўллаб-қувватламайди – Байден
Олам
−
15 Январь
9242Қўшма Штатлар Тайвань мустақиллигини қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден Оқ уйнинг жанубий майдонида журналистлар билан суҳбати чоғида маълум қилди.
Ундан Тайванда бўлиб ўтган сўнгги сайловларга изоҳ бериш сўралганда, Байден АҚШ Тайвань мустақиллигини қўллаб-қувватламаслигини, “ягона Хитой” сиёсатини тан олишини айтган. Бунга қарамай, у аввалроқ Тайванга ХХР ҳужуми содир бўлган тақдирда оролни ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирган эди.
Шу билан бирга, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон (республикачи) америкалик конгрессменлар делегацияси жорий йилнинг май ойида яна Тайванга ташриф буюрмоқчилиги ҳақида гапирди. Ташриф оролнинг куни кеча сайланган раҳбари Лай Қингденинг инаугурациясидан кейин режалаштирилган.
Маълумот учун, Қўшма Штатлар Тайвань билан дипломатик алоқаларни 1979 йилда узиб, Хитой Халқ Республикаси билан муносабатларни йўлга қўйган. Бироқ, Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда.
Шунингдек, АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчи манбаи ҳисобланади. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Американинг оролга бир неча йил давомида етказиб берган ҳарбий юкларининг умумий миқдори 70 миллиард доллардан ошган.
Эслатиб ўтамиз, 13 январь куни Тайванда бўлиб ўтган президентлик сайловида ҳукмрон Демократик прогрессив партияси вакили Лай Циндэ ғалаба қозонгани ҳақида хабар берган эдик. Иқтидорга келган Циндэ президентлик фаолияти мобайнида қарама-қаршилик ўрнига диалогдан фойдаланиш ҳамда Пекин билан алмашинув ва ҳамкорликни ишончли ривожлантириш ниятида эканини таъкидлаган.