Тайванда янги раҳбар сайланди
Олам
−
13 Январь
10031Бугун, 13 январь куни Тайванда сайлов бўлиб ўтди ва унда ҳукмрон Демократик прогрессив партияси вакили Лай Циндэ ғалаба қозонди. Бу ҳақда унинг ўзи тарафдорлари олдидаги чиқишида маълум қилди.
Мухолифатдаги партиялар – материк Хитой билан мулоқот тарафдори бўлган Гоминдан ва марказчи Тайвань Халқ партияси номзодлари ҳам ўз мағлубиятини эълон қилиб, Лай Циндэ ғалабасини тан олган. Сайланган раҳбар уни табриклаган мухолифатга миннатдорлик билдирди.
"Мен сайловдаги рақибларимнинг дастурлари ва позицияларини диққат билан ўрганаман. Агар улар халқ ва миллий тараққиётга фойда келтирса, улар менинг сиёсий дастуримга киритилади", деган Лай Циндэ.
У Хитойнинг таҳдид ва қўрқитишларига қарши туришга ҳамда Тайвань бўғозида тинчлик, барқарорлик ва статус-квони сақлашга ваъда берди.
“Биз Тайванни Хитойнинг давом этаётган таҳдидлари ва қўрқитишларидан ҳимоя қилишга қатъий қарор қилдик. Президент сифатида мен Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун муҳим масъулиятни ҳис қиламан. Мен демократик ва эркин конституциявий тузумимизга мувофиқ ҳаракат қиламан. Бўғознинг ҳар икки томонида қадр-қиммат ва тенглик тамойилларига мувофиқ статус-квони сақлаб қоламан", дейди у.
Шунингдек, Лай Циндэ қарама-қаршилик ўрнига диалогдан фойдаланиш ҳамда Пекин билан алмашинув ва ҳамкорликни ишончли ривожлантириш ниятида эканини таъкидлади.
"Икки томон ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва тенгликни ҳисобга олган ҳолда, Тайвань Хитой билан мулоқот қилишга тайёр. Биз тинч ва фаровон муҳит яратиш мақсадида Тайвань бўғозининг иккала томонидаги одамлар манфаати учун алмашинув ва ҳамкорликни амалга оширмоқчимиз", дейди у.
Лай Циндэ Хитой ҳукуматини Тайвань бўғозидаги янги вазиятни тан олишга чақирди.
“Келажакда Хитой янги вазиятни тан олади ва фақат тинчлик бўғознинг ҳар икки томонига ҳам фойда келтиришини тушунади, деб умид қиламиз”, дейди у.
Бундан ташқари, Лай Циндэ глобал тинчлик ва барқарорлик Тайвань бўғозидаги тинчлик ва барқарорликка боғлиқ эканини қўшимча қилди.
Маълумот учун, Тайвань 1949 йилдан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади, ўшанда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учраганидан кейин у ерга қочиб кетган. Пекин эса Тайванни Хитой Халқ Республикаси провинцияларидан бири деб ҳисоблайди.