Грузияда МСК раисининг юзига бўёқ сепилди (видео)
Олам
−
16 Ноябрь
4960Грузияда жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларининг якуний натижалари эълон қилинди. Марказий сайлов комиссияси йиғилиши давомида МСК раисининг юзига бўёқ сепилди. Бу ҳақда бугун, 16 ноябрь куни “Publika” хабар берди.
Қайд этилишича, Марказий сайлов комиссияси йиғилиши мухолифат ва уларнинг тарафдорлари томонидан бино олдида ўтказилган норозилик намойишлари фонида ўтган. Бундан ташқари, йиғилиш бошида мухолифат вакили, МСК аъзоси Давид Киртадзе Марказий сайлов комиссияси раиси Георгий Каландаришивили юзига ва костюмига қора бўёқ сепган. Мажлис қисқа танаффусдан кейин давом этган. Каландаришивили бўёқ кўзига теккани сабабли йиғилишни кўзидаги боғлам билан олиб борган.
Марказий сайлов комиссияси котиби Георгий Жавахишвилига кўра, “Грузия орзуси – Демократик Грузия” ҳукмрон партияси парламент сайловларида 53,93 фоиз овоз тўплаб, қонунчилик органида 150 ўриндан 89 тасини қўлга киритган.
Шунингдек, барча партиялар томонидан қўлга киритилган овоз фоизлари ҳам эълон қилинган. 5 фоизлик сайлов тўсиғидан ўтган партиялар қаторига ҳукмрон партиядан ташқари яна тўрт мухолиф партия киради:
- “Ўзгаришлар учун коалиция” – 11,03 фоиз овоз ва 19 мандат;
- “Ягона миллий ҳаракат” – 10,17 фоиз овоз ва 16 мандат;
- “Кучли Грузия” – 8,81 фоиз овоз ва 14 мандат;
- “Гахария Грузия учун” – 7,78 фоиз овоз ва 12 мандат.
Маълумотларга кўра, сайловда 3,5 миллиондан ортиқ сайловчидан 2,1 миллион нафари овоз берган. 34,9 мингга яқин бюллетень ҳақиқий эмас деб топилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе журналистлар билан суҳбатда мамлакатда президентлик сайловлари, эҳтимол, 2025 йил январь ойининг бошида бўлиб ўтишини маълум қилган эди.