Тайвань раҳбари сайлов куни интернетга жойлаган сурати учун жазоланиши мумкин

Олам

image

Тайвань маъмуриятининг амалдаги раҳбари Цай Инвэнь ўзининг Line ижтимоий тармоғидаги расмий аккаунтида жойлаштирган пости ортидан ноқонуний сайловолди ташвиқотида айбланди. Бу ҳақда Тайваннинг TVBS телеканали хабар берди.

Айтилишича, эрталаб у Синьбэй шаҳридаги бошланғич мактабда овоз берган ва сайлов қутиси ёнига бюллетен билан тушган суратини жойлаган. 

"Мен ҳозиргина овоз бердим, умид қиламанки, ҳамма чиқиб, тезда овоз беради", деб ёзади у. 

Бироқ постда Цай Инвэннинг ўринбосари ва Демократик прогрессив партия аъзоси Лай Циндэнинг сайловолди шиори билан сурати ҳам бор эди. Интернет фойдаланувчилари сайлов куни сайловолди ташвиқотни тўғридан тўғри сайлов қонунчилигининг бузилиши деб ҳисоблади. 

Телеканал хабарига кўра, баъзи изоҳларда “Сайлов комиссияси сизни жаримага тортадими ёки йўқми?”, “Унга мумкин, сенга эса йўқ” ва “Кўрамиз, сайлов комиссияси жазолашга журъат этадими” деб ёзилган. Обуначиларнинг шиддатли реакциясидан сўнг фотосурат ўчирилган.

Кеча, 12 январь куни Тайвань Марказий сайлов комиссияси сайлов куни ижтимоий тармоқларда, жумладан, Line ва Facebook'даги ташвиқот постлари катта миқдорда жаримага тортилиши мумкинлигини эълон қилди. Жисмоний шахслар учун унинг ҳажми 1 миллион янги Тайвань доллари (тахминан 32 минг доллар), сиёсий партиялар ва сайлов кампанияси ташкилотчилари учун эса 2 миллион янги Тайвань долларига (64 минг долларгача) етиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, сайловларга 10 кун қолганида Тайванда сукунат режими жорий этилган – бу вақтда ижтимоий сўровномаларни чоп этиш тақиқланади. Овоз бериш куни эхит-полл ўтказишга ҳам йўл қўйилмайди.

Тайванда сайловлар

Бугун, 13 январь куни Тайванда орол маъмурияти раҳбари ва Қонун чиқарувчи Юанга (юқори қонун чиқарувчи орган) депутатларни сайлаш учун овоз бериш бўлиб ўтмоқда. 

Раҳбарлик лавозими учун уч номзод курашмоқда: ҳукмрон Демократик прогрессив партиядан 64 ёшли Лай Циндэ, мухолифатдаги Гоминдан партиясидан 66 ёшли Хоу Юи ва марказчи Тайвань халқ партиясидан 64 ёшли Кэ Вэньчжэ. Сўнгги сўровларга кўра, Лай Циндэ сайлов пойгасида фаворит деб топилган.

Маълумот учун, Тайвань 1949 йилдан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади, ўшанда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учраганидан кейин у ерга қочиб кетган. Пекин эса Тайванни Хитой Халқ Республикаси провинцияларидан бири деб ҳисоблайди.


Мақола муаллифи

Теглар

сайловлар Тайвань

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made