Трамп ҳам сайловда овоз берди
Олам
−
05 Ноябрь
5095Бугун, 5 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтаётган сайловларда республикачилардан мамлакат президентлигига номзод Дональд Трамп Флорида штатидаги сайлов участкасида овоз берди. Бу ҳақда “The Hill” хабар бермоқда.
Нашрга кўра, Трампга унинг турмуш ўртоғи Мелания Трамп ҳамроҳлик қилган. Собиқ президент октябрь ойида эрта овоз беришини билдирганига қарамай, буни сайлов куни амалга оширишни танлаган. Баъзи штатларда бюллетенларни санаш ва ғолибни тўлиқ аниқлаш бир неча кун талаб қилиши мумкинлиги айтилаётганига қарамай, Трамп якуний натижа бугун тунда аниқ бўлишига ишонч билдирган. У шундай вазиятларнинг олдини олиш учун қоғоз бюллетенлардан фойдаланиш ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш кераклигини таъкидлаган.
Нашрнинг ёзишича, Трамп ўзининг яшаш жойи бўлган Флорида штатида ғолиб чиқиши кутилмоқда. Президентлик учун кураш эса аниқ эмас. Чунки, Трамп ва демократлардан президентликка номзод, вице-президент Камола Ҳаррис сайлов натижасини белгиловчи етти муҳим штатда деярли тенг рақобатлашмоқда.
Маълумот учун, Трамп 2016 йилги сайловда ғалаба қозонган, аммо 2020 йилги сайловда мағлуб бўлган. Шундан сўнг, у 2020 йилги сайловда кенг кўламли фирибгарлик бўлганини даъво қилиб келади. Ушбу даъволар 2021 йил 6 январь куни Капитолийга ҳужумга олиб келган бўлиб, Трамп тарафдорлари Президент Байденнинг ғалабасини тасдиқлаш жараёнини тўхтатишга ҳаракат қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Демократик партиядан мамлакат президентлигига номзод Камола Ҳаррис давлат раҳбари лавозими сайлови учун почта орқали олдиндан овоз берган эди. Шунингдек, унинг партиядоши ва амалдаги Президант Жо Байден ҳам муддатидан олдин овоз берганди. У бунинг учун шахсан сайлов участкасига борган ва 40 дақиқа навбат кутиб овоз берган.
LiveБарчаси