Ўзбекистон ва Туркиянинг биринчи хонимлари учрашди
Жамият
−
09:20 2458 2 дақиқа
Кеча, 29 январь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси Зироат Мирзиёева билан Анқарада учрашди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Эмина Эрдўған меҳмонни “Анқара Палас” музейи киришида кутиб олиб, уни Усмонийлар ва Республика даврига оид ноёб асарлар – Ҳереке тўқималари, Йилдиз чиннилари ҳамда дипломатик совғалар намойиш этилган музей бўйлаб таништирган. Миллий саройлар бошқармаси раҳбари Ясин Йилдиз экспонатлар ҳақида маълумот берган.
Зироат Мирзиёева Анадолу каштачилик услубларига алоҳида қизиқиш билдириб, бундай техникалар асосида Ўзбекистонда ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқаришни исташини айтган. У, шунингдек, Йилдиз чинниларининг Ўзбекистонда намойиш этилиши уни хурсанд қилишини таъкидлаган.
Лидерлар рафиқалари “Анқара Палас” музейида етуклашув институтларида тайёрланган қўғирчоқлар, чинни ва сопол буюмларни ҳам томоша қилган. Зироат Мирзиёева бу каштачилик усулларини ўзбекистонлик санъаткорларга ўргатиш мақсадида институт устозларини Ўзбекистонга таклиф қилган.
Шунингдек, улар дизайнер Ўзгур Масурнинг Республиканинг 100 йиллигига бағишланган “Анатолиа” коллекциясини кўздан кечирган.
Эмина Эрдўған ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида учрашув ҳақида пост ёзиб қолдирган.
“Ўзбекистон давлат раҳбарининг рафиқаси, қадрли дўстим Зироат Мирзиёева хонимни мамлакатимизда қабул қилишдан катта мамнуниятдаман. Биргаликда Анқара Палас музейини зиёрат қилиб, ёзма ва босма асарлар, дипломатик совғалар, Ҳереке тўқималари, Йилдиз чиннилари каби кўплаб бебаҳо меросларни кўрдик. Сўнгра институтларимизда яратилган қўл меҳнати маҳсулотлари ва анъанавий санъат намуналари билан танишдик. Маданият халқларни яқинлаштирадиган, умумий хотирани сақлайдиган ва миллатлар ўртасида мустаҳкам ришталар ўрнатадиган энг кучли кўприкдир. Бу учрашув Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашига ишонаман”, дея ёзган Туркиянинг биринчи хоними.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анқара шаҳрига расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ҳатай вилоятида Ўзбекистон томонидан барпо этилган “Ўзбекистон” тураржой мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этганди.