Ўзбекистон ва Туркиянинг биринчи хонимлари Нью-Йоркда кўргазмага борди

Жамият

image

Бугун, 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Нью-Йорк шаҳрига ташриф доирасида Туркия Республикасининг Биринчи хоними Эмина Эрдўғаннинг таклифига биноан ушбу мамлакат маданий меросига бағишланган кўргазма билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
 

Қайд этилишича, экспозицияда Анадолунинг анъаналари, ҳунармандчилик ва маданиятни замонавий дизайн билан бирлаштирган кўп асрлик мероси тақдим этилган. Кўргазмада миллий матолар, қўлда тўқилган гиламлар, “телкари” ва “казазиё” услубидаги заргарлик буюмлари, кулолчилик намуналари, ёнғоқдан ўймакор сандиқлар ва мисдан қўлда ясалган идишлар намойиш этилган.

“Кўргазмага ташриф чоғида Зироат Мирзиёева ва Эмина Эрдўған икки халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳақида фикр алмашди”, дейилади хабарда.

Тадбирда, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси муносабати билан Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турган бошқа мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарларининг рафиқалари, хорижий делегацияларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев айни дамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этиш учун АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турибди. Мирзиёевнинг бугун, 23 сентябрь куни БМТ минбарида нутқ қилиши режалаштирилган.  

Мирзиёев кеча, 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси тадбирлари доирасида ўзи учун ажратилган қароргоҳда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Зироат Мирзиёева Нью-Йорк Эмине Эрдўған Биринчи хоним

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг