Мирзиёев Трампнинг Ўзбекистонда туғилган маслаҳатчиси билан учрашди
Олам
−
23 Сентябрь 2025 15188 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси тадбирлари доирасида ўзи учун ажратилган қароргоҳда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Сержио Гор АҚШ Президенти Дональд Трампнинг самимий саломини етказган.
Жорий йилнинг 5 сентябрь куни икки мамлакат етакчиларининг телефон орқали мулоқотида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.
Жадал сиёсий мулоқот, турли даражадаги делегациялар алмашинуви ҳамда ишбилармонлик алоқалари суръати ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.
Янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш учун АҚШ Эксимбанки ва DFC жамғармаси имкониятларидан фойдаланиш, уларни амалга оширишни жадаллаштириш учун қўшма мувофиқлаштирувчи қўмита таъсис этиш муҳимлиги қайд этилган.
Хавфсизлик, терроризм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган.
Қолаверса, учрашув давомида бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилган.
Маълумот учун, Сержио Гор 1986 йил 30 ноябрда Тошкентда туғилган ва кейинчалик АҚШда таълим олган. У сиёсий фаолиятини республикачилар партияси доирасида олиб борган, Дональд Трамп жамоасида турли лавозимларда ишлаган ва унинг энг яқин сафдошларидан бири сифатида танилган. Гор Оқ уйда Президент Кадрлар бошқармаси директори сифатида фаолият юритган, шунингдек, сиёсий кампанияларда ҳам фаол қатнашган. 2025 йил 22 август куни Дональд Трамп уни Ҳиндистондаги элчи лавозимига номзод қилиб кўрсатган. Ҳозирда у Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакил сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев айни дамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этиш учун АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турибди. Мирзиёевнинг бугун, 23 сентябрь куни БМТ минбарида нутқ қилиши режалаштирилган.
Live
Барчаси