Мирзиёев Трамп билан гаплашиб, уни Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
05 Сентябрь 9254
Бугун, 5 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилган. Суҳбат аввалида АҚШ Президенти сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни юксак баҳолаган ва қўллаб-қувватлаган.
Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Президент Дональд Трампни АҚШ маъмурияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатнинг улкан натижалари билан самимий табриклаган. Америка томонининг халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилган.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Устувор тармоқларда бизнес кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва савдо битимлари ҳажмини тубдан ошириш масалалари кўриб чиқилган.
“Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда ўзаро савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. 2024 йилда товар айирбошлаш 15 фоизга ошди.
Истиқболли кооперация лойиҳалари портфели фуқаро авиацияси, муҳим минерал ресурслар, электротехника саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, молия, инновациялар, таълим ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олган”, дейилади хабарда.
Шу ойда АҚШнинг етакчи компания ва ташкилотлари билан узоқ муддатли ва барқарор шериклик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилиши таъкидланди. Бундан ташқари, хавфсизлик соҳасида, энг аввало, терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш борасида самарали ҳамкорлик қилинаётгани таъкидланди.
“Маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда. Тошкентда АҚШнинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда”, дейилади хабарда.
Телефон мулоқоти чоғида давлат раҳбарлари долзарб халқаро масалалар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШнинг “C5+1” шаклидаги минтақавий ҳамкорлигини чуқурлаштириш юзасидан ҳам фикр алмашди.
Шавкат Мирзиёев Президент Дональд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди. Амалий ҳамкорлик бўйича лойиҳа ва дастурларни илгари суриш мақсадида олий даражадаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг телефон орқали мулоқоти очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтди.