Зироат Мирзиёева ТДТ Оила ва хотин-қизлар кенгаши йиғилишида қатнашди
Local
−
21:08 543 2 minutes
Бугун, 30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Анқара шаҳрига ташрифи ва Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида мамлакат Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Туркий давлатлар ташкилоти Оила ва хотин-қизлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, ТДТнинг 13-саммити доирасида ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар кенгаши туркий давлатлар ўртасида оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Кенгаш ҳузуридаги давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларидан иборат Олий фахрий кенгашнинг илк йиғилиши “Ҳамжиҳатликдан институционал ҳамкорлик сари: Туркий дунёда оила ва хотин-қизлар” мавзусига бағишланган.

Зироат Мирзиёева ўз нутқида қизларнинг замонавий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурган.

“Аёлнинг билими ва меҳнати қадрланган, оилада ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик қарор топган муҳит бутун жамиятни мустаҳкамлайди”, дейди Биринчи хоним.

Зироат Мирзиёева йиғилишда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, инклюзив таълимни ривожлантириш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам таклифлар билдирган. Болалар ва ўсмирлар учун хавфсиз интернет муҳитини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Сўзининг якунида Ўзбекистон Биринчи хоними йиғилишни ташкил этгани учун Туркия Биринчи хоними Эмина Эрдўғанга ташаккур изҳор этган. Қабул қилинган қарорлар оилалар хотиржамлиги, хотин-қизлар учун янги имкониятлар ва болалар фаровонлигига хизмат қилишига умид билдирган.
Live
All