Ўзбекистон ва Словакия нималарга келишиб олди?
Жамият
−
09 Июнь 3591 2 дақиқа
Бугун, 9 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицо Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Етакчилар ҳузурида икки томонлама ҳужжатлар, хусусан:
- дипломатик кадрлар тайёрлаш тўғрисида;
- қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида;
- стандартлаштириш, метрология ва товарларнинг мувофиқлигини баҳолаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида;
- энергетика бозорларини тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар;
- 2025-2026 йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури;
- 2025-2026 йилларга мўлжалланган стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик дастури алмашилди.

Маълумки, Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицо кеча, 8 июнь куни кечқурун Ўзбекистонга келганди. Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Бугун, 9 июнь куни у “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Юқори мартабали меҳмон бошчилигидаги Словакия делегацияси вакилларига мажмуанинг меъморий ечимлари ҳамда композициясининг мазмун-моҳияти ва хусусиятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Фицога Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамроҳлик қилди.
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицони расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Шундан сўнг, Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицонинг музокаралари бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Учрашув аввалида Мирзиёев ушбу ташриф кўп қиррали Ўзбекистон-Словакия муносабатлари тарихида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беришини алоҳида таъкидлаган.
Фицо IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этади.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь