Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқаролари чегарадан ўтишда ID-картадан фойдаланиши мумкин бўлади
Жамият
−
31 Январь
3221Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида икки давлат фуқароларининг ID-карталарини чегарадан ўтиш учун расмий ҳужжат сифатида тан олиш имкониятини муҳокама қилиш бошланди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Бакудаги элчихонаси кўмагида икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида ушбу масала муҳокамасига бағишланган онлайн учрашув ташкил этилган. Таъкидланишича, ушбу саъй-ҳаракат саёҳатларни енгиллаштириш ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
"Томонлар фуқаролар ҳаракатини соддалаштириш, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва миграция сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ушбу қадам муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди", дейилади хабарда.
Маълумки, ID-карталардан фойдаланиш Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқароларига чет эл паспортини олмасдан туриб чегарани кесиб ўтиш имконини беради, бу эса саёҳат қилиш қулайлигини оширади ва мамлакатлар ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлайди. Шунингдек, мазкур қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий ва сайёҳлик алоқаларини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 сентябрь кунидан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари икки давлат ўртасидаги чегарани кесиб ўтишда идентификация ID-картасидан амалда фойдаланиб келмоқда.
LiveБарчаси