Энди фуқаролар Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ID-карта орқали ўтиши мумкин
Жамият
−
25 Август 2023
8118Жорий йилнинг 1 сентябрь кунидан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари икки давлат ўртасидаги чегарани кесиб ўтишда идентификация ID-картасидан амалда фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 25 август куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Баённома кучга кирган.
Баённома билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, икки давлат фуқаролари учун Давлат чегарасини кесиб ўтишнинг соддалаштирилган ягона тартиби жорий этилган. Унга кўра, жорий йилнинг 1 сентябрь куни соат 00:00 дан бошлаб икки давлат ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туриш учун идентификация ID -картасидан амалда фойдаланиш йўлга қўйилади.
Жумладан, бундан буён Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари 60 кунгача идентификация ID-картаси билан икки давлат ҳудудларига киришлари, ҳаракатланишлари ва унда бўлиб туришлари мумкин.
Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспорти билан Қирғизистонга кириш, ундан чиқиш ва транзит орқали бошқа давлатларга ўтишлари мумкин бўлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон бугунги кунгача ҳали бирорта давлат билан ID-карта орқали ўзаро бориб-келиш тартибини йўлга қўймаган эди. Қўшни Қирғизистон бу борада биринчи бўлди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи давомида 2006 йил 3 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида имзоланган фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённома алмашинилганди.
LiveБарчаси