Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланди
Жамият
−
07 Ноябрь 3566 2 дақиқа
АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан ўтказилган давра суҳбати якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Савдо вазири Ховард Латник иштирокида икки томонлама битимларни алмашиш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, қуйидаги ҳужжатлар имзоланган:
- Геология вазирлиги ва “Denali Exploration group” компанияси ўртасида нодир ер элементларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда “Re Element Technologies” компанияси ўртасида нодир металлар соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Flowserve” компанияси ўртасида насос станцияларини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Valmont Industries Inc” компанияси ўртасида сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш тўғрисида битим;
- Рақамли технологиялар вазирлиги ва “Palo Alto Networks” компанияси ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида битим;
- “Uzairways” ва “Boeing” компаниялари ўртасида самолётларни етказиб бериш бўйича шартнома;
- “Datacrop” ва “Luis Dreyfus Company” компаниялари ўртасида соя дуккаклари ва шрот етказиб бериш бўйича шартнома;
- “Ўзсаноатэкспорт” ва “Cargill” компанияси ўртасида пахта етказиб бериш бўйича шартнома.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мирзиёев АҚШ Экспорт-импорт банки раҳбари Жон Йованович ва АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош директори Бен Блэкни қабул қилганди. Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Америка Қўшма Штатлари Савдо вазири Ховард Латник билан музокара ўтказди. Вашингтон шаҳрига амалий ташрифнинг ишбилармонлик дастури якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молия институтлари вакиллари билан учрашув ўтказди.