АҚШ Ўзбекистонга соя ва пахта етказиб беради
Жамият
−
07 Ноябрь 5099 2 дақиқа
АҚШдан Ўзбекистонга соя ва пахта етказиб берилади. Бу ҳақда бугун, 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Америка Қўшма Штатлари Савдо вазири Ховард Латник билан ўтказган музокарада келишилди.
Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Кўп қиррали Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
“Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 4 баробар кўпайиб, қарийб 1 миллиард долларга етди. Ўзбекистонда АҚШнинг 300 дан ортиқ компанияси муваффақиятли фаолият юритмоқда, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва инновация соҳаларида қатор йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратиш, шунингдек, Мувофиқлаштирувчи кенгаш таъсис этишдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. АҚШдан соя ва пахта етказиб бериш, шунингдек, Американинг илғор томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича дастлабки шартномалар тузилган.
Музокаралар якунида қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция платформасини яратиш орқали амалий ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Қайд этиш жоиз, жорий йил август ойида анъанавий пахта экспортчиси бўлиб келган Ўзбекистон ўзининг йирик ишлаб чиқариш ҳажмларига қарамай, АҚШдан пахта харид қилишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи савдо департаменти раҳбари Иномжон Абдураҳмонов бундан Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг жаҳоннинг премиум бозорларидаги мавқеини мустаҳкамлаш кўзланганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мирзиёев АҚШ Экспорт-импорт банки раҳбари Жон Йованович ва АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош директори Бен Блэкни қабул қилганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь