Ўзбекистон АҚШдан пахта сотиб олмоқчи. Нега?
Жамият
−
14 Август 15764 6 дақиқа
Анъанавий пахта экспортчиси бўлиб келган Ўзбекистон ўзининг йирик ишлаб чиқариш ҳажмларига қарамай, АҚШдан пахта харид қилишни режалаштирмоқда. Бундан Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг жаҳоннинг премиум бозорларидаги мавқеини мустаҳкамлаш кўзланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи савдо департаменти раҳбари Иномжон Абдураҳмонов маълум қилди.
Унинг айтишича, Ўзбекистон тўқимачилик саноати АҚШ ва Европа Иттифоқининг премиум бозорларида ўз ўрнини мустаҳкамлаши лозим. Бу бозорларда юқори сифат стандартлари, хомашёнинг келиб чиқишини кузатиш имконияти (traceability) ва ишлаб чиқаришнинг экологик барқарорлиги муҳим аҳамиятга эга. Бундай глобал брендлар талабларига мос келиш учун фақат ички имкониятлар етарли бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли махсус навли пахтани импорт қилиш зарурати юзага келган.
“Импорт – маҳаллий ишлаб чиқариш ўрнини босиш учун эмас, балки қўшимча имкониятлар очиш учун”, дейди вазирлик вакили.
Иномжон Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, импорт ҳеч қачон маҳаллий хомашёни алмаштириш учун мўлжалланмаган. Аксинча, у фақат аниқ буюртмаларни бажариш учун керак бўладиган жойларда уни тўлдиради. Ўзбекистон ҳар йили 1-1,15 миллион тонна пахта толаси ишлаб чиқаради ва бу ҳажмнинг барчаси аллақачон маҳаллий фабрикаларда қайта ишланади. Бошқача айтганда, маҳаллий пахта тўлиқ ички эҳтиёж учун ишлатилмоқда.
“Импорт қилинадиган пахта фақат юқори сифат ва сертификатлашнинг халқаро стандартлари талаб қилинадиган ишлаб чиқариш линиялари ва шартномаларга йўналтирилади. Шундай қилиб, ташқи бозордан пахта хариди маҳаллий фермерларга рақобат туғдирмайди (уларнинг маҳсулоти аллақачон тўлиқ истеъмол қилинмоқда), балки сифатнинг янги босқичига чиқиш учун мақсадли восита бўлиб хизмат қилади”, дейди Ташқи савдо департаменти раҳбари.
Шунингдек, у етакчи тўқимачилик давлатлари, хусусан, Туркия, Бангладеш, Ветнам, Ҳиндистон, Индонезия, Камбоджа, Мексика ва ҳатто Хитой ҳар йили АҚШ, Бразилия, Австралия ва Африка давлатларидан катта ҳажмда пахта импорт қилишини қўшимча қилган.
“Нега улар бундай қиладилар? Жавоб жуда оддий: ўз енгил саноатини глобал мижозлар талабларига жавоб берадиган сифатли хомашё билан таъминлаш учун.
Масалан, Туркия катта пахта ишлаб чиқарувчиси бўлишига қарамай, юқори сифатли толани барибир четдан сотиб олади. Бу эса турк фабрикаларига Европанинг мода гигантлари билан барқарор ҳамкорлик қилиш имконини беради. Бангладеш эса деярли пахта етиштирмайди, аммо бутунлай импорт хомашёга таяниб, дунёда кийим-кечак экспорти бўйича иккинчи ўринда туради. Вьетнам импорт пахтаси туфайли АҚШ бозорига энг йирик беш тўқимачилик етказиб берувчидан бирига айланди, Туркия эса Европа Иттифоқининг тикув маҳсулотлари бўйича асосий ҳамкорларидан бири сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб олди. Бу мисоллар шуни кўрсатадики, глобал мода бозорида муваффақият қозониш учун мамлакат бутун пахтани ўзи ишлаб чиқариши шарт эмас. Энг муҳими – якуний буюртмачига талаб қилинган сифат ва етказиб бериш ишончлилигини тақдим эта олишдир, ҳатто бунинг учун хомашёнинг бир қисмини ташқи бозордан харид қилишга тўғри келса ҳам”, дейди Абдураҳмонов.
Билдирилишича, муайян навли пахтани импорт қилиш орқали ушбу давлатлар ўз маҳсулотларини қўшимча қиймат берадиган махсус ёрлиқлар билан белгилаш имкониятига эга бўлади. Жаҳон бозорининг премиум сегментларига чиқиш стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Made with US Cotton” (“АҚШ пахтасидан тайёрланган”) ташаббуси халқаро сифат талаблари, келиб чиқишини кузатиш (traceability) ва экологик барқарорлик стандартларига мос маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган.
Иномжон Абдураҳмонов нега айнан Америка пахтаси сотиб олинишига ҳам изоҳ берган. Унинг билдришича, АҚШдан келадиган пахта толаси барқарор юқори сифати билан машҳур бўлиб, US Cotton Trust Protocol – етказиб бериш занжирини стандартлаштириш ва кузатишнинг замонавий тизимига мос келади. Сертификатланган америка хом ашёсидан фойдаланиш якуний маҳсулотни “Made with US Cotton” деган нуфузли ёрлиқ билан белгилаш ҳуқуқини беради. Бир қатор йирик брендлар учун бу шунчаки маркетинг эмас, балки ҳамкорликнинг мажбурий шартидир. Масалан, Levi’s, Ralph Lauren, PVH, Puma, Gap, Tesco каби компаниялар коллекцияларнинг бир қисми ушбу дастурга кирувчи пахтадан тайёрланишини талаб қилади.
Сотиб олинадиган хомашё дунёга машҳур Strict Middling пахта нави ҳисобланади. Жаҳон бозорида бу навнинг ишончли етказиб берувчилари сифатида АҚШ, қисман Австралия ва Бразилия тан олинган. Америка пахтасини харид қилиш АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг GSM-102 дастури доирасида режалаштирилмоқда. Бу кредит кафолатлари механизми бўлиб, унга кўра ўзбек корхоналари хомашёни 12–18 ойгача тўловни кечиктириш шарти билан олиши мумкин.
Мутахассис яқин йилларда Ўзбекистонда Strict Middling даражасига эришиш бир қатор объектив сабаблар туфайли қийин эканини айтган.
“Биринчидан, бутун тармоқ эҳтиёжини фақат маҳаллий хомашё ҳисобидан қоплаш учун пахта экиладиган майдонларни кескин кенгайтириш ва ҳосилдорликни сезиларли ошириш зарур бўлади. Бундай агротехнологик ўзгаришлар тез амалга оширилмайди – мутахассислар баҳосига кўра, бунга камида 5 йил давомли тинимсиз меҳнат керак бўлади. Иккинчидан ва энг асосийси, Strict Middling нави фақат муайян табиий-иқлим шароитларида ва толани қайта ишлаш технологияларида ҳосил бўлади. Пахтанинг сифати – унинг узунлиги, мустаҳкамлиги, бир хиллиги ва ранги – бевосита иқлимга, қуёш нури миқдорига ва ҳосил пишиш ҳамда йиғим-терим давридаги намлик даражасига боғлиқ. Ўзбекистон ўртача навли пахта етиштириш учун қулай иқлимга эга, аммо энг юқори нав учун зарур бўлган шароитларни табиатан таъминлаш қийин”, дейди Абдураҳмонов.
Қайд этилишича, элита америка пахтаси оддий хомашёга қараганда қимматроқ – унинг нархи маҳаллий пахтага нисбатан қарийб 15–20% юқори бўлади.
“Агар “Made with US Cotton” ёрлиғига эга ўзбек маҳсулотлари АҚШ ва Европа Иттифоқи дўконларида пайдо бўлса, бу бошқа глобал чакана савдо тармоқлари ва дистрибюторларнинг ишончини оширади. Аллақачон GSP+ имтиёзларини олиш Европа Иттифоқи каби мураккаб бозорлар учун Ўзбекистон тўқимачилик экспортини оширишга имкон берди – қисқа вақт ичида ЕИга экспорт ҳажми тахминан 74 миллион доллардан 140 миллион долларга ўсди. Америка ҳамкорлари билан ишлаш эса АҚШ бозорига чиқишда ҳам худди шундай ижобий натижа бериши мумкин”, дейди вазирлик вакили.
Унинг сўзларига кўра, режалаштирилган пахта импортини мажбурий чорадан кўра ривожланишнинг пухта ўйланган стратегияси сифатида кўриш керак. Бу орқали мамлакат тўқимачилик саноатини янги босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган ресурсларга эга бўлади – премиум сегментларга чиқиш, технологик даражани ошириш ва қиммат буюртмаларни жалб этиш имконини беради.
“Ўзбекистон сифат ва обрўга инвестиция қилмоқда – бу эса албатта ўз самарасини берадиган сармоядир”, дейди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи савдо департаменти раҳбари.
Маълумот учун, атининг жадал ўсиши 2017 йилдан буён пахта ипи ишлаб чиқариш ҳажми 412 минг тоннадан 970 минг тоннагача, трикотаж мато ишлаб чиқариш 68 минг тоннадан 312 минг тоннагача, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш эса 960 миллион донадан 3,1 миллиард донагача ошди. Агар 2016 йилда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспорти қарийб 1,1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 2,8 миллиард долларга етди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилган пахта ҳосилининг барчаси маҳаллий корхоналарда қайта ишланиб, пахта толаси ички қайта ишлаш даражаси 100 фоизга етган. Ўзбекистон тўқимачилик фабрикаларининг маҳсулотлари ҳозирда 75 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.
Live
Барчаси