Ўзбекистон Туркий Кенгашда ҳал қилувчи сўзни айтувчи мамлакат бўлади
Таҳлил
−
13 Октябрь 2019
13244Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 14-15 октябрь кунлари Баку шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг (Туркий Кенгаш) еттинчи саммитида иштирок этади.
Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этаётган Венгрия ҳамда Туркманистон делегациялари раҳбарлари Туркий Кенгаш доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган масалаларни муҳокама қиладилар.
Саммитда Туркий Кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасининг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида Ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти қабул қилинади. Учрашув якунида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши еттинчи саммитининг декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда. Ўзбекистон раҳбари Бакуга ташрифи доирасида саммитда иштирок этадиган делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 14 сентябрь куни “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши — турк дунёси мамлакатлари мулоқоти ва ҳамкорлигини ривожлантириш учун ташкил этилган халқаро платформадир. Мазкур Кенгаш халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, ҳудудда ва жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.
2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистондан иборат тўрт давлат иштирокида Туркийзабон давлатларнинг ҳамкорлик Кенгаши тузилгани эълон қилинган бўлиб, унинг фаолияти принциплари 2016 йил 16 сентябрдаги Истанбул декларациясида эълон қилинган. Биринчи босқичда Турк Кенгашига Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлиб кирган. Венгрия ташкилотда кузатувчи мамлакат саналади.
2018 йилнинг 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Шавкат Мирзиёев биринчи марта Ўзбекистон номидан фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти 2018 йилгача Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.
Ўзбекистон раҳбари Чўлпонота саммитида сўзлаган нутқида халқларни ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, бугунги кунда Кенгашнинг сиёсий кун тартибида ҳеч бир муаммо ёки келишмовчилик мавжуд эмаслигини қайд этди.
“Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”, деган эди Шавкат Мирзиёев.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Президентининг сиёсий иродаси, очиқ ва амалий ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда вазият ўзгарди, минтақа давлатлари ўртасида дўстона алоқалар мустаҳкамланди. Ўзбекистон раҳбарининг Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия Президентлари билан учрашув ва мулоқотлари самарасида турли соҳалардаги ҳамкорлик янада ривожланди. Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёд ошди.
Ўзбекистон Президенти бу кўрсаткичлардан анча юқори марраларга эришиш мумкинлигини таъкидлаб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. Булар, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтиришдан иборат. Транспорт йўналишларининг интеграциялашган тармоғини яратиш, дунё ва минтақадаги асосий бозорларга чиқиш масаласи ҳам манфаатларимизга мос келади.
Мамлакатларни инновацион асосда ривожлантириш, бу соҳага масъул бўлган идоралар, илмий-тадқиқот марказлари ва венчур компаниялар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ҳам энг зарур йўналишлардан. Туризмни ривожлантириш бўйича улкан имкониятлар, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамлиги ҳам халқларни янада яқинлаштиришини таъкидлаш ўринли. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон раҳбарининг Чўлпонотадаги учрашувда қадимий Хивани ташкилот пойтахтига айлантириш таклифи эътиборга молик.
Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантираётгани ушбу халқаро тузилманинг келажагига катта умид ва ишонч билан қараётганидан далолат беради.
“Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз”, деган эди Шавкат Мирзиёев.
Туркий тилли давлатларни азалдан ўхшаш маданият, маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб туради. Бу мамлакатлар долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш, ёндашувларга амал қилади. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан, таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлиги фаол ривожланмоқда.
Қирғизистоннинг 2017 йил кузида сайланган Президенти Сооронбай Жээнбеков Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашида иштирок этиш ниятини юқори баҳолаган эди. Қирғизистон Президентининг сўзларига кўра, бу қадам Туркий кенгашнинг кенгайиши ва унинг халқаро майдондаги нуфузининг ошиши учун яхши шароит яратади, ташкилотга янги нафас беради ҳамда кўплаб янгиланишлар манбаига айланади. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар Кенгашига қўшилиши “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли қурилишининг тезроқ бошланишига туртки бўлади. Бошқа аъзо давлатлар ҳам Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлиб киришини қўллаб-қувватлади.
Шубҳасиз, дунё сиёсатида Ўзбекистон нуфузи яққол кўзга ташланади. Айниқса, Ўзбекистоннинг туркий дунёдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги асосий давлатлардан бири бўлгани сабабли минтақадаги бирор масала унинг иштирокисиз ҳал этилмайди. Ўзбекистон Марказий Осиё юрагида жойлашган. У Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон билан чегарадош. Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, амалга оширган ислоҳотлари сабаб мана уч йилдирки, Ўзбекистон барча қўшни мамлакатлар билан яқин алоқаларни ўрнатиб, уларни қўллаб-қувватлаб келяпти. Зеро, Ўзбекистон тарихий ва географик нуқтаи назардан минтақа ҳаёти фаолиятининг барча соҳасини бир-бирига боғлайдиган ҳалқадир. Мазкур феномендан минтақа фаровонлиги йўлида фойдаланилмоқда. Шу билан биргаликда мамлакатда машинасозлик, маиший техникалар ишлаб чиқариш мисли кўрилмаган суръатларда ривожланяпти. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш юқори даражада. Ўзбекистон иқтисодиёти хом ашё ресурсларини сотишга боғланиб қолмаган. Марказий Осиё минтақасида 80 миллиондан ортиқ аҳоли яшашини ҳисобга олсак, бу қаторга Туркия ва Озарбайжонни киритсак, қарийб 160 — 170 миллион нафарлик потенциал юзага келади. Бу ўзбек маҳсулотларини сотиш учун катта бозор деганидир.
Қолаверса, Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзолиги, албатта, Кенгаш фаолиятига турли ўлчовларда ижобий таъсир кўрсатиши ва уни фаоллаштириши кутилмоқда. Марказий Осиёдаги барча давлатлар ва Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистоннинг иштироки ҳамкорлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Кенгаш фаолияти миқёсларини кенгайтириш, бирлашманинг минтақадаги аҳамиятини ошириш имконини беради. Бундан ташқари, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши мамлакатлар ўртасидаги транзит-транспорт коммуникациялари ривожида ҳам муҳим роль ўйнайди. Масалан, 2019 йил июль ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари иштирокида халқаро аҳамиятга эга бўлган “Бейнау — Акжигит — Ўзбекистон чегараси” автомобиль йўли очилди. Бу ўзбек маҳсулотларини Озарбайжон ва Туркия бозорларига чиқиши учун янада қисқа йўл берди. Туркия ва Ўзбекистон истеъмол бозорлари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши мамлакатлари орасида энг йириклари ҳисобланади. Шундай экан, оптимал транспорт йўналишларини очиш эса бирлашманинг барча аъзоси учун кун тартибидаги муҳим банд саналади.
Евросиёнинг қоқ марказида жойлашган, тахминан 5 миллион квадрат километрлик жуғрофий майдонни ташкил этувчи Туркий Кенгашнинг асосий мақсади аъзо давлатларнинг кўплаб соҳаларда, шу жумладан, ташқи сиёсат, иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, таълим, оммавий ахборот воситалари, ёшлар ва спорт соҳаларида ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдан иборат, деб шарҳлаш мумкин. Бошқа жиҳатдан, Кенгаш ташкил этилганидан бери Ўзбекистоннинг унга аъзо бўлмагани ушбу ташкилот олдидаги оғриқли масалалардан бири эди. Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши аъзолигига кириши қардош давлатлар томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўрувчи давлат арбоби сифатида қабул қилган тарихий ва стратегик қарори, деб баҳоланди. Ўзбекистон иштирокида Туркий Кенгаш янада кучаяди. Шу сабабли ташкилот минтақавий ва глобал тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка ҳисса қўшиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият ва мавқега эришди. Шубҳасиз, Ўзбекистон ҳар доим туркий дунёнинг марказий қисмларидан бири бўлиб келган. Қолаверса, ўлкамиз Буюк Ипак йўлидаги Самарқанд, Бухоро ва Хива каби ажойиб шаҳарлари билан Турк-Ислом тарихининг иқтисодий ва маданий бешиги ҳисобланади. Бундан ташқари, бой миллий ва тарихий мероси билан дунё цивилизациясига салмоқли ҳисса қўшган Ўзбекистон бугунги кунда нафақат марказий жуғрофий жойлашуви ва ортиб бораётган имкониятлари билан бутун минтақани ривожлантириш учун янги имкониятларни таклиф қилмоқда. Буларнинг бари мамлакатимиз ва бошқа туркийзабон давлатлар ўртасидаги асрий мустаҳкам қардошлик ришталари Туркий Кенгаш доирасида янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Абдували Сайбназаров, сиёсий шарҳловчи
LiveБарчаси