Ўзбекистон Тожикистонга газ етказиб беришни тўхтатди
Олам
−
05 Сентябрь 2020
12569Ўзбекистон Тожикистонга суюлтирилган газ етказиб беришни бутунлай тўхтатди. Қозоғистон эса газ экспортини чеклади. Бу ҳақда Тожикистон Президенти ҳузуридаги Монополияга қарши хизмат раҳбари Абдулмажид Мўминзод маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Тожикистонга йил охиригача суюлтирилган газ экспортини тўхтатган. Тахминларга кўра, Ўзбекистон газ етказиб беришни расмий Душанбе икки ўртадаги шартномани бузиб, электр энергияси етказиб беришни тўхтатгани сабабли чеклаб қўйган. Тожикистон Нурек сув омборида сув ҳажми камайгани сабабли Ўзбекистонга электр энергияси экспортини тўхтатганди. Ўзбекистон кутилмаганда юзага келган вазиятдан Туркманистондан электр энергияси импорти ҳисобига чиқиб кетди.
Қозоғистон эса газ етказиб беришни фақатгина сентябрь ойи учун тўхтатган. Абдулмажид Мўминзод газ етказиб бериш қанчага қисқарганини очиқламади.
Монополияга қарши идора маълумотига кўра, Тожикистонга асосан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россия суюлтирилган газ экспорт қилади.
Мавжуд маълумотларга кўра, 2020 йилнинг дастлабки 7 ойида Тожикистон 102 минг долларга 264 минг тонна суюлтирилган газ импорт қилган. Ҳар бир тонна газ 435 доллардан баҳоланган.
Тожикистон импорт қилган суюлтирилган газнинг 92,3 фоизини ёки 244 минг тоннасини Қозоғистондан олган.
Ўзбекистон 19,7 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берган. Бу Тожикистон импорт қилган жами газнинг 7,4 фоизиин ташкил қилади. Россия эса Тожикистонга 499 тонна газ сотган.
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Тожикистонга суюлтирилган газ экспортини чеклаши сабаби очиқланмаган.
LiveБарчаси