Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатди

Жамият 8786
image

Тожикистон сув захирасини тўлдириш учун Ўзбекистон ва Афғонистонга электр энергияси узатишни тўхтатмоқда. Бу ҳақда Тожикистон Президенти сайтида мамлакат ҳукумати томонидан эълон қилинган мурожаатда маълум қилинган.

“Бугун биз халқаро шартномаларда белгиланган муддатдан олдин Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасига электр энергиясини етказиб беришни тўхтатишга мажбур бўлдик. Ҳукумат чеклов ҳақидаги ушбу қарорга тўғри муносабатда бўлишни сўраб, мамлакатнинг барча аҳолисига мурожаат қилади. Ҳозирги қийин вазиятда мазкур иш қиш мавсумида электр энергияси таъминотидаги муаммолардан қочишимизга ёрдам берадиган ягона чора ҳисобланади”, дейилади хабарда.

Тожикистон нафақат қўшнилари, балки мамлакат ичкарисида ҳам электр энергияси таъминотига чеклов жорий қиляпти. 

“Тожикистон Республикаси ҳукумати мамлакат аҳолисига мурожаат қилади ва “Барқи тожик” компанияси томонидан Нурек сув омборида кўпроқ сув захира қилиш учун киритилаётган электр энергияси таъминотидаги мазкур чекловни тўғри қабул қилишни сўрайди”, дейилган ҳукумат мурожаатида.

Шунингдек, мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила, барча муассаса ва ташкилотлар, компания ҳамда корхоналар электр энергиясидан тежаб фойдаланиши шартлиги айтилади.

Мурожаатда Панж дарёсида сув оқими аввалги йилларга қараганда 2 минг куб метрга, Вахш дарёсида 800 куб метрга, яъни 50 фоизга кам экани қайд этилган. Нурек сув омборида сув захираси ўтган йилга нисбатан 17 метрга пасайиб кетган.

Агар бу ҳолат яна давом этса, у ҳолда қиш мавсумида сув омборидаги сув заҳираси кескин камаяди, натижада аҳоли ва халқ хўжалиги тармоқларини электр энергияси билан таъминлашда жиддий муаммолар юзага келади. Шу сабабли, ҳукумат ўз мурожаатида куз-қиш даврида аҳоли электр энергияси таъминотида муаммога дуч келмаслиги учун барча зарур чораларни кўраётгани таъкидлаган.

Аввалроқ, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ Тожикистондан электр энергияси келиши камайганини маълум қилганди. Бу камчиликнинг ўрнини тўлдириш учун эса Туркманистондан электр энергияси импорти кўпайтирилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 263
Рейтинг: 2.9
t
×