Шавкат Мирзиёев Раҳмонни табриклади
Жамият
−
05 Октябрь 5249 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 октябрь куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбатда Мирзиёев Раҳмонни таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, Тожикистон халқига фаровонлик ва бардавом равнақ тилади. Давлат раҳбари Тожикистон Президентининг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётини таъминлаш ва халқаро нуфузини оширишдаги ўрнини қайд этиб, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Савдо, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм, маданий-гуманитар алмашинув каби устувор йўналишларни қамраб олган амалий ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакатда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ва кун тартиби ҳам муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 1952 йил 5 октябрда Тожикистоннинг Данғара туманида туғилган. 1982 йилда Тожикистон давлат университетининг иқтисодиёт факультетини тамомлаган. 1994 йилдан буён Тожикистон Президенти лавозимида ишлаб келмоқда. 2020 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган охирги сайловда Имомали Раҳмон 90,92 фоиз овоз тўплаб, бешинчи бор президентликка сайланган. Бугун Имомали Раҳмон 73 ёшга тўлди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 сентябрь куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Россия Президенти Владимир Путин телефон орқали суҳбатлашганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь